Линклар

logo-print

Ўзбекистонда мустақил суд экспертизаси йўқ


Саида 18 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон адвокатлари уюшмаси Америка юристлар уюшмаси билан ҳамкорликда “Жиноят ишида иштирок этаётган адвокатнинг экспертиза муассасалари билан муносабатини такомиллаштириш” мавзуида илмий амалий анжуман ўтказди.

Ўзбекистон Жиноят процесуал кодексида экспертизалар суриштирувчи, терговчи, прокурор қарори ва суднинг ажрими асосида ўтказилиши белгиланган. Бироқ адвокатнинг илтимоси ёки жабрланувчининг талаби асосида экспертиза ўтказилиши қонунда кўрсатилган.

Анжуманда қонундаги айни шу ҳолат кўп вазиятда инсон ҳуқуқларининг паймол бўлишига олиб келаётганини таъкидлади.

Қашқадарёдаги 1-адвокатлар ҳайъати раиси Жўрақул Жабборовнинг сўзларига қараганда, тергов ёки ички ишлар органлари томонидан жабрланувчига тазйиқ билан айб қўйиш ҳоллари мавжуд. Бироқ жабрланувчи томон буни исботлаш имкониятига эга эмас. Шунинг учун қонундаги бу камчиликни тузатиш керак.

Навоий вилояти адвокатлари ҳайъати раиси Аҳад Нарзиевнинг билдиришича, Ўзбекистонда мустақил экспертиза йўқлиги ҳам адвокатлар ишида мураккабликлар туғдиради. Мавжуд экспертиза идоралари эса ҳуқуқ-тартибот тизимига қарайди. Бу эса экспертизанинг холислигига шубҳа уйғотади.

Суд тиббий экспертизаси бош бюроси бошлиғи Зайниддин Ғиёсовнинг таъкидлашича, ҳозир Ўзбекистонда 15 та суд тиббий экспертизаси муассасаси бўлиб, улар жойларда юздан ортиқ бўлимга эга. Адвокатларнинг ўз мижози иши юзасидан суд тиббий экспертизаси марказларига мурожаат қилиши учрайди. Бироқ адвокатларнинг экспертиза жараёнида иштирок этиши қонунда белгиланмагани сабабли уларга фақат экспертиза хулосаси берилади. Адвокатларнинг экспертизада иштироки таъминлангудек бўлса, тергов ва прокуратура органлари томонидан эътироз билдирилади.

Маълум бўлишича, айни пайтда Ўзбекистонда суд экспертизаси тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрланяпти.

Анжуман иштирокчилари мустақил эксперт тўғрисида ҳам қонун қабул қилиниши лозим, дея фикр билдирди.
XS
SM
MD
LG