Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:32

Президент хавфсизлиги ва оддий йўловчилар манфаати тўқнашди


Ҳакимбек 15 февралдан бошлаб Тошкентни Қибрай, Ғазалкент ва Чирчиқ билан боғлайдиган, Ўзбекистон Президентининг “Дўрмон” қароргоҳи ёнидан ўтадиган автомобиль йўли қатнов учун ёпиб қўйилди.

Эндиликда транспорт воситалари бир неча километр ортиқча юриб, айланма йўл орқали ҳаракат қилмоқда. Тошкент трактор заводи рўпарасида шоҳбекат ҳам ёпилиб, шаҳар чеккасига кўчирилди.

Кузатувчилар мамлакат раҳбари хавфсизлигини ўйлаб қилинган бу ўзгаришлар оддий фуқаролар учун бир қанча муаммолар келтириб чиқарганини айтмоқда.

Янги шоҳбекат Тошкент шаҳри ва вилоят чегарасида барпо қилинди. Чирчиқ, Ғазалкент шаҳарларидан метронинг “Буюк ипак йўли” бекатигача қатнайдиган микроавтобусларнинг шаҳар ичига кириши маън этилди. Улар йўловчиларни янги шоҳбекатгача олиб келяпти, холос.

Ҳайдовчилардан бирининг сўзларига қараганда, Тошкентга яқин-атрофдан қатнайдиган йўловчиларга эндиликда анча мушкул бўлиб қолди. Улар кўп вақт ва маблағ йўқота бошлади.

Расмий идоралар вакиллари бу ҳолатни “Буюк ипак йўли” бекати ҳудудида яшовчи аҳолининг мурожаатлари ҳамда шаҳарнинг экологик тозалигини сақлаш мақсадида кўрилган чора, дея баҳоламоқда.

Эски шоҳбекат ТТЗ ва “Ширин” деҳқон бозори оралиғида жойлашганди. Унинг жойлашуви йўловчилар учун катта қулайликлар туғдирарди.

Шунинг учун бозордаги сотувчилар ва ТТЗ ишчилари шоҳбекат кўчирилганидан норози эканини яширмаётир.

“Тошшаҳарйўловчитранс” акциядорлик компанияси транспорт сифатини назорат этиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сайфулла Исаевнинг таъкидлашича, эски шоҳбекат кичик, ноқулай бўлиб, замонавий талабларга жавоб бермасди. Янги шоҳбекат эса барча қулайликларга эга.
XS
SM
MD
LG