Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:43

Тожикистоннинг Тошкентдаги элчихонаси пикет қилинди


Тўлқин 18 февраль куни сурхондарёлик бир гуруҳ фуқаролар Тожикистон Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси биносини пикет қилди. Улар Тожикистон альюминий заводидан ҳавога заҳарли чиқиндилар чиқарилишига барҳам берилишини талаб қилди.

Пикетда “Экосан” халқаро жамғармасининг вилоят бўлими, табиатни муҳофаза қилиш, тиббиёт, халқ таълими соҳалари вакиллари иштирок этди.

Пикетчиларнинг сўзларига қараганда, Турсунзода шаҳридаги альюминий заводининг заҳарли чиқиндиларини шамол кунига 18 соат давомида Сурхондарё ҳудуди томон, 6 соат давомида тескари йўналишга ҳайдайди. Бунинг оқибатида вилоятнинг шимолий туманларида экология, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, пиллачилик бутунлай издан чиқиш даражасига келиб қолган. Аҳоли ўртасида саратон, юрак, эндокрин хасталиклари, болалар ўлими, болаларнинг ногирон туғилиши ҳолатлари бир неча баробар кўпайган.

Пикетчиларнинг Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонов номига ёзилган мурожаатномасида бундай сўзлар бор:

“Марказий Осиёда ягона бу улкан завод йилига 300 минг тонна альюминий ишлаб чиқармоқда. Унинг лойиҳа қуввати эса йилига 517 минг тонна бирламчи альюминий ишлаб чиқаришга етади. 2004 йил октябрь ойидан альюминий нархи кўтарилгандан сўнг уни ишлаб чиқаришга қизиқиш яна ортди. “Русский альюминий” (РУСАЛ) компанияси Тожикистон ҳукумати билан биргаликда тузилган шартнома асосида Турсунзодадаги альюминий заводи қувватини ошириш ва Тожикистон Республикаси Хатлон вилоятида яна бир альюминий заводини қуриш бўйича маълум ишларни бошлаб юборган”.

“Экосан” жамғармасининг Узун тумани булими директори Гулсара Холматованинг таъкидлашича, заводнинг заҳарли чиқиндилари, хусусан, нафақат одамлар, балки ўсимлик ва биоорганизмлар учун ҳам ўта хатарли бўлган фторли водород Сурхондарёнинг Сариосиё, Узун, Денов, Олтинсой, Шўрчи туманларига тарқалмоқда. Ҳайвонларнинг тишлари тушиб, милклари касалланмоқда. Бу туманларда етиштирилган картошка аччиқ таъмга эга, полиз экинлари, узум ҳосили яхши эмас. Машҳур Дашнобод анори эса умуман йўқолиб кетди.

Узун туман марказий шифохонаси шифокори, акушер-гинеколог Дилором Ҳасанованинг билдиришича, туманда болаларнинг аксарият қисми турли касалликлар билан туғиляпти. Туғилаётган болаларнинг 50 фоизида орқа мия грижжаси мавжуд. Чақалоқлар бўританглай, қуёноғиз бўлиб туғиляпти.

Тожикистон элчиси Ғуломжон Мирзаев пикетчилар ҳузурига чиқиб, улар билан шахсан мулоқот ўтказди.

Унинг айтишича, яқинда Тожикистон ҳукумати альюминий заводини энг замонавий технологиялар асосида қайта таъмирлаш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Бундан атроф-муҳитга чиқадиган чиқиндини энг кам даражага тушириш мақсад қилинган.

Элчининг фикрича, бу каби масалалар пикетлар орқали эмас, ҳукуматлараро келишувлар воситасида ҳал этилиши лозим.

Пикетчилар бу тадбирни ўтказишдан мақсад сурхондарёлик 3 мингдан ортиқ фуқаро имзо чеккан мурожаатномани Тожикистон Президентига етказиш эканини маълум қилди.

Элчи уларнинг бу талаби тегишли идораларга етказилишига ваъда берди.
XS
SM
MD
LG