Линклар

Бозорга бошқа жойдан йўл ўтказса бўлмайдими?


Маҳаллий маъмурлар Наманган шаҳри марказида жойлашган “Тунги ёғду” бозорига туташ 4 сотихли хонадонни уй эгаларининг қаршилигига қарамай, бузиб ташлашга ҳаракат қиляпти.

Бу хонадонда икки оила – ака-сингил Бахтиёр Бобохонов ва Зулхумор Бобохонова оилалари яшайди. З.Бобохонова Наманган давлат университетида ўқитувчи бўлиб ишлайди. 6 фарзанди бор. Фарзандларининг иккитаси етим бўлиб, З.Бобохонова уларни боқиб олган. Эри иш йўқлиги сабабли ҳеч қаерда ишламайди.

Уларнинг сўзларига қараганда, Наманган шаҳри ҳокимлиги вакиллари бозорга йўл очиш мақсадида уйни бузиб ташлашга уриняпти. Бундан норозилик билдириб, турли идораларга ёзилган аризалар самарасиз қолиб кетяпти.

Ҳуқуқшунос Малик Отахоновнинг таъкидлашича, Уй-жой кодексига мувофиқ хусусий хонадонлар эгаларининг рухсатисиз ёки суд қарорисиз тортиб олиниши, бузиб ташланиши мумкин эмас. Давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ёки бузиб ташланган тақдирда хонадон эгаларига белгиланган тартибда товон тўланиши зарур.

“Тунги ёғду” бозори маъмурларидан бирининг билдиришича, бу хонадон йўл ўтказилиши учун бузилиши керак. Унинг эгаларига уй учун ҳақ тўланиши билан биргаликда янги турар-жой қуриш учун ер участкаси ҳам берилади.

Аммо бузилаётган уй эгалари бу ваъдалар бажарилишига шубҳа билан қарамоқда.

“Биз турли пишириқлар пишириб, бозорда сотиш орқали тирикчилик қиламиз. Қолаверса, бизнинг уй тиклашга қурбимиз етмайди. Уй бузилса, бизнинг кўчада қолишимиз аниқ”, - деди З.Бобохонова.
XS
SM
MD
LG