Линклар

logo-print

Қозоғистонда кўпхотинлилик

  • Сарвар Усмон

Аксари эркакларнинг қулоқларини қиздириб, аёлларни эса ҳушёр торттирадиган бу мавзуга яқиндагина мурожаат қилган эдик. Ўша эшиттиришимизда кўпхотинлилик ҳодисаси нафақат мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари орасида, хусусан насронийликнинг баъзи мазҳабларида мавжудлиги тўғрисида сўз юритган эдик. Асосан эса, қуддуслик бир гуруҳ олимлар бу масала юзасидан махсус тадқиқот ўтказгани, ўша изланишлар ривожланаётган мамлакатларнинг кўпчилигида кўпхотинлилик одат тусига кирган бўлиб, ривожланган мамлакатларда бундай одат йўқлигини кўрсатгани тўғрисида ҳикоя қилгандик. Бугун яна шу мавзуга қайтиб, масалани минтақа мамлакатларидан бири, Қозоғистон мисолида ўрганамиз.

Ёши 30 га чиққан олмаоталик Эркабўлан 8 йилдан бери беш вақт намозни канда қилмайди. Шаҳарда унинг уч уйи бор. Ҳар бир уйда биттадан шаръий хотини. Уччала хотинига ҳам бир хил кўз билан қарашга, уччаласини ҳам бир хилда таъминлашга ҳаракат қилади. Хотинларидан бирини суйганидан бошқалари куймайди. Бир кун биринчи, кейинги кун иккинчи, учинчи кун учинчи хотини яшайдиган уйда қолади.

Биринчи хотинига анча ёш уйланган. Иккинчисини 25 га, учинчисини 28 га кирганида никоҳига олган. Бир этак фарзанди бор. Кўз тегади, деди шекилли, Озодлик мухбирига уларнинг нечталигини айтмади. Бироқ кичик хотинининг яқиндагина кўз ёрганини, ўғиллари қаторига яна бир паҳлавон қўшилганини писанда қилишни унутмади.

Эркабўлан айтаверса, эртакку дейсиз. Лекин унинг ўзи бу эртак эмас, дейди.

- Оллоҳ менинг уйланишимни буюрган, бу буйруқ Унинг Китоби -Қуръони Каримда ёзиб қўйилган. Оллоҳнинг сўзига гумон билан қарайдиган бўлсам, мен кимман? Иккинчи, учинчи хотин бўлишга рози бўлган аёллар иймонли бандалардир, - дейди уч хотинли Эркабўлан.

Унинг фикрини жон деб қувватловчилар Қозоғистонда оз эмас. Республикада чоп этиладиган "Экспресс-К" газетаси бундан 3 ой муқаддам ўтказган сўров натижаларига қараганда, қозоғистонлик эркакларнинг 40 фоизи кўпхотинлилик тўғрисида қонун қабул қилиш керак, деган фикрни билдирган.

Бундай қонун тўғрисидаги гап-сўзлар эса, республика жамоатчилиги орасида 3-4 йилдан бери дам кучайиб, дам сусайиб туради.

Шуниси қизиқки, кўпхотинлиликни жорий этиш тўғрисида қонун қабул қилиш ғояси биринчи бўлиб аёллардан чиққан эди. Бундан 6 йил муқаддам, "Қозоғистонлик муслималар лигаси" ташкилоти раҳбари Омина Абдукарим қизи, бу масала юзасидан таклифини, қозоқлар сонини кўпайтириш зарурлиги билан изоҳлаган эди.

Шундан кейин бу масала парламентда бир неча бор кўтарилди. Мажлис депутати Амангелди Айталининг фикрича, хотинни кўпайтириш – бадавлат кишилар учун бир эрмак, холос. Бироқ айни пайтда у, кўпхотинлиликка расман рухсат берилиши етим болалар ҳамда бева аёллар муаммосини ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин, деган фикрда.

Кўпхотинлиликка рухсат бериш ғояси тарафдорлари Қозоғистон парламентида озроқ бўлдими, ҳар қалай депутатлар бундай қонунни қабул қилган эмас.

Қонун қабул қилинган эмасу лекин амалда, қозоғистонлик эркак, агар хоҳласа, иккинчи ёки учинчи хотини билан давлат идорасида никоҳдан ўтишига имкон бор. Гап шундаки, Қозоғистон фуқаросининг паспорти ҳайдовчилик гувоҳномасига ўхшаб кетадиган бир варақча холос. Унда паспорт эгасининг оилавий аҳволи тўғрисида маълумот ёзиб қўйиладиган чизиқнинг ўзи йўқ.

Қозоғистон республикаси Адлия вазирлиги Фуқаролик ҳолатларини қайд этиш бўлими мудири Зайда Нурабаеванинг айтишича, кўпхотинлилик мамлакат конституциясига зид ҳолатдир. Шунинг учун ҳам, иккинчи, учинчи ва ҳоказо хотинлар ҳатто расмий никоҳдан ўтган тақдирда ҳам биринчи хотин билан тенг ҳуқуқли бўла олмайди. Чунки уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонун йўқ.

- Оилавий мулк билан боғлиқ можаро чиқса, иккинчи хотин мулкка қандай даъво қила олади? Даъво қилиб борган маҳкамаси "сенинг никоҳинг ноқонуний, фарзандинг қонунга кўра, меросхўр бўла олмайди", деб ҳайдаб чиқаради, - дейди Адлия вазирлиги вакили.

Масаланинг яна бир жиҳати ота бир, она бошқа болаларнинг руҳий ва жисмоний саломатлиги масаласидир. Руҳшунос Зубайда Кененбаеванинг айтишича, иккинчи хотиндан бўлган фарзандлар саломатлиги биринчи хотин болалариникидан, одатда, ёмонроқ бўлади.

Бироқ лавҳамиз қаҳрамони, уч хотиннинг эри, ёши 30 га чиққан олмаоталик Эркабўлан докторнинг бу гапларига эътибор бермайди. Ҳамма гап оналарининг қандай тарбия қилишига боғлиқ, улар меҳр билан боқса, болаларим ҳам тошбағир бўлиб ўсмайди, дейди у.
XS
SM
MD
LG