Линклар

Президент Ақаев газета билан судлашмоқчи

  • Сарвар Усмон

17 февраль куни кечқурун давлат телевидениеси орқали мамлакат халқига қилган мурожаати давомида айтган гапларига қараганда, жаноб Ақаев матбуот устидан яна судга арз қилмоқчи.

Озодликнинг Бишкекдаги мухбири хабар қилишича, президент Ақаев ўз телемурожаатида "Моя столица-новости" газетасини судга беражагини билдирган.

Президентнинг фикрича, мустақиллик шарофати бўлган эркинликни айрим газеталар, жумладан "Моя столица-новости" газетаси суиистеъмол қилаяпти. Бу газета, жаноб Ақаевга кўра, унинг оиласи шаънини ерга урувчи материалларни мунтазам босиб келмоқда.

- "Моя столица-новости" газетасининг сўнгги мақоласини чидаб бўлмайдиган алжираш, деб ҳисоблайман, - деган Ақаев 17 февраль кечқурун қилган телемурожаатида.

Президент газета эълон қилган материаллардан айнан қайсинисини назарда тутаётганини айтмади. Қирғизистон раҳбарининг оиласига дахлдор охирги материал газетанинг 11 февраль сонида босилган эди.

Газетанинг ўша сонида бир неча гектарли улкан ер участкасида қурилаётган ҳашаматли саройнинг сурати босилган ва у президентнинг оиласига тегишли эканлиги айтилган эди.

Президент гапининг мазмунига қараганда сурати газетада босилган уй уники эмас.

- Бугун мен "Моя столица-новости" газетасига, бу газета менинг оиламга тегишли деб ҳисоблаган уйнинг эгаси бўлган корхоналарга, кўчмас мулк эгаларига мурожаат қилиб, улардан мазкур масалага ўз муносабатини билдиришни, мулкларига нисбатан қонуний ҳуқуқларини халққа эълон қилишларини сўрайман, - деди президент Ақаев.

Телевидениеда қилган чиқиши давомида президент газетанинг ўзини ҳам, унда эълон қилинган мақолалар муаалифларини ҳам судга бермоқчи эканлигини айтди.

Агар газета президентга дахлдор мақолалар юзасидан раддия босса, суддан шикоятини қайтариб олажагини билдирди.

Озодлик мухбири президент баёнотига муносабат билдиришни сўраб "Моя столица-новости" газетаси
Бош муҳаррири Александр Кимга мурожаат қилди.

- Президент ўз баёнотида бизни, туҳматчиликда айблаб, жиноятчига чиқариб қўйди. Судга тайёргарлик кўраяпмиз, президентнинг судга ариза ташлашини кутаяпмиз, - деди "Моя столица-новости" газетаси Бош муҳаррири.

Президент Ақаев биринчи марта 1995 йили "Республика" газетаси Бош муҳарририни судга берган эди. Ўшанда ҳам можарога президентга тегишли мулк тўғрисидаги мақола сабаб бўлган эди.

Қирғизистонлик мухолифатчи сиёсатчилардан бири, "Қирғизистон халқ ҳаракати" раиси муовини, собиқ вазир Ишенгул Бўлжурова президентнинг 17 февраль кунги баёнотига муносабат билдирар экан, "Мен ҳайрон қолдим. Чунки, конституция кафили, халқнинг етакчиси бўлган одам газетага даъво қилиб, уни қўрқитгани сиёсий жиҳатдан ҳам, одамгарчилик юзасидан ҳам тўғри эмас, деб ўйлайман", - деди.

"Моя столица" газетасини 2003 йилнинг июлида Қирғизистон республикаси Бош вазири Николай Танаев етакчилигидаги бир гуруҳ фуқаро судга берган ва ўша йили суд қарори билан газета фаолияти тўхтатиб қўйилган эди. Ёпилган газета кейинроқ "Моя столица-новости" деган ном билан яна чиқа бошлаган эди.

Уни судга бериш навбати бош вазирдан энди президентга ўтганга ўхшайди.
XS
SM
MD
LG