Линклар

logo-print

Сурхондарё фожеаси алюминий заводи билан боғлиқ

  • Садриддин Ашур

Тожикистон алюминий заводининг атроф-муҳитга зарари муаммоси Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари йиғилишларида кўп бора муҳокама қилинаётган бўлса-да, бу музокаралар кутилган натижаларни бераётгани йўқ.

Жамиятшунос Олимжон Маҳмудовнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ТАЗнинг заҳарли чиқиндилари Сурхондарё вилоятига жуда катта зарар етказмоқда. Бу эса вилоятдаги экологик вазиятга ва аҳоли саломатлигига жиддий хатар туғдиряпти. Сариосиё ва Узун туманларида чақалоқларнинг ўлими кўрсаткичи бу ердан бор-йўғи 60-70 километр узоқликда бўлган Жарқўрғон ёки Олтинсойдагига нисбатан икки баробар ортиқ. Дашнобод анорзорлари, ўрикзорлар бутунлай қуриб қолган. Вилоят аҳлининг 70 фоизи бўқоққа чалинган. Камқонлик деярли барча аёлларда учрайди.

Узун тумани табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси нозири Абдуғани Бобочоловнинг таъкидлашича, туман тупроғидаги водород фторид миқдори жуда баланд. Бу эса туманда баъзи ўсимликлар турларининг бутунлай ўсмаслигига олиб келган.

О.Маҳмудовнинг билдиришича, ҳозир Ўзбекистонга нисбатан экологик тажовуз бошланмоқда. Яъни ТАЗда Россиянинг “Русал” компанияси ёрдамида ишлаб чиқариш қувватини ошириш, Хатлон вилоятида янги алюминий заводи қуришга ҳаракат қилиняпти. Ҳар иккала лойиҳадан ҳам фақат Ўзбекистонга зарар етади.

“Экосан” халқаро жамғармаси раиси Юсуф Шодиметовнинг маълум қилишича, ҳозир ТАЗдан атрофга 30-40 минг тонна заҳарли чиқинди тарқалаётган бўлса, янги лойиҳалар натижасида бу кўрсаткич икки баробар ошади.

Экологларнинг эътирофича, алюминий ишлаб чиқариш Тожикистон саноатининг асосини ташкил этиши, мамлакат ялпи ички маҳсулоти шаклланишида алюминий экспорти катта ўрин тутишини тушуниш мумкин. Лекин бу даромад одамлар саломатлиги, атроф-муҳитга ўнгланмас зарар етказиш ҳисобига бўлмаслиги керак. Агар бу экологик фожеанинг олди олинмаса, унинг оқибати Чернобиль ҳалокати оқибатларидан қолишмайдиган даражага етади.
XS
SM
MD
LG