Линклар

Ёшлар тадбиркорликни ўрганади


Озодбек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўртасида ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришда ҳамкорлик қилиш бўйича шартнома имзоланди.

Бу шартнома томонларнинг “Ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш. 1 ва 2-босқич” деб номланган бир йиллик қўшма лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилишини назарда тутади.

ЕХҲТ ваколатхонаси вакиласи Кимберли Бокли хонимнинг сўзларига қараганда, ушбу қўшма лойиҳа орқали Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги ёшлар тадбиркорликни қандай бошлаш, бизнес режа тузиш сир-асрорларини ўрганиши мумкин. Лойиҳа сўнггида энг фаол иштирокчиларнинг бизнес режалари танлаб олиниб, маҳаллий тижорат банклари томонидан молиялаштирилади.

К.Боклининг таъкидлашича, қўшма лойиҳа доирасида мамлакатнинг барча ҳудудларида йил давомида 18 та ўқув машғулоти ўтказиш режалаштирилган. Машғулотлар ўзбек тилида олиб борилади. Лойиҳанинг биринчи босқичида тадбиркорликнинг назарий жиҳатлари ўргатилса, иккинчи босқичда ёшлар билимларини амалий машғулотларда мустаҳкамлайди.

“Камолот” ҳаракати матбуот котиби Бинафша Қаландарованинг билдиришича, “Камолот” ЕХҲТ билан бир неча йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келади. Қўшма лойиҳани амалга оширишда асосий ишни “Камолот”га қарашли Ёшлар бизнес мактаби бажаради. Тренингларда иштирок этувчи ёшлар вилоятлардаги олий ўқув юртларида иқтисодиёт йўналишида таълим олаётган талабалар орасидан танлаб олинади. Лойиҳа ноябрь ойида ниҳоясига етади.
XS
SM
MD
LG