Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:32

Таклиф жуда зўр, лекин…


Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 18 февраль куни мамлакат парламентидаги чиқишида Марказий Осиё давлатлари иттифоқини тузиш таклифини илгари сурди.

Н.Назарбоевнинг таъкидлашича, энди қуруқ гаплардан воз кечиб, чуқур иқтисодий интеграциялашув, умумий бозор ва умумий валютага эришишга ҳаракат қилиш зарур.

Қозоғистон раҳбарининг бу таклифи ўзбекистонликлар ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Уларнинг айтишича, бу каби таклифлар илгари ҳам бўлган. Лекин қарийб 15 йилдан буён минтақа давлатлари интеграциялашув ўрнига бир-биридан узоқлашиб бормоқда.

Сиёсатшунос Бахтиёр Исабековнинг сўзларига қараганда, илгари Ўзбекистонда ҳам “Туркистон – умумий уйимиз” ғояси бўлган. Бироқ бу ғоя ортида сиёсий иттифоқ тузишга қаратилган аниқ таклиф йўқ эди. Шунинг учун бу таклифнинг пайдо бўлгани қувонарлидир.

“Лекин мени бу таклифни Ўзбекистон ҳукумати қўлламаслиги мумкинлиги чўчитади. Шунингдек, бу таклиф ортида Қозоғистон кўмагида Марказий Осиёнинг бошқа давлатларини яна Россияга яқинлаштириш ҳаракати йўқлигига ишонч ҳосил қилиш лозим”, - деди Б.Исабеков.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаевнинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳар бир учрашувда интеграция тўғрисида гапиради. Лекин аслида улар интеграциялашувдан узоқлаштирадиган турли иқтисодий тузумни яратяпти. Минтақа давлатлари раҳбарлари нафақат ички, балки ташқи сиёсатда ҳам ўзаро келиша олмайди. Улар жаҳон сиёсий, иқтисодий ҳамжамиятига тезроқ қўшилиш йўлида бир-бирига рақибдир.

Б.Мусаевнинг фикрича, интеграцияга масъулият билан ёндашиш лозим. Бироқ минтақа мамлакатлари раҳбарларида бир-бирига нисбатан ишонч йўқ. Айниқса, ўзаро ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон энг муаммоли давлат ҳисобланади.

Б.Мусаевнинг эътирофича, Н.Назарбоев бир жиҳатдан ҳақ. Яъни Марказий Осиё иттифоқи тузилмас экан, минтақа мамлакатлари қудратли давлатлар фойдаланадиган объект бўлиб қолаверади.
XS
SM
MD
LG