Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:54

Матбуотнинг янги “хўжайини” портретига чизгилар


Бобур Алимовнинг Рустам Шоғуломов ўрнига Ўзбекистон ахборот ва матбуот агенлиги бош директори лавозимига тайинланиши унинг шахсига нисбатан қизиқиш уйғотмай қолмади.

Бобур Алимов 2005 йилга қадар Ўзбекистон “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси раҳбари бўлиб ишлаган. У машҳур ўзбек ёзувчи Шуҳратнинг ўғли. Ўзи ҳам анча-мунча қалам тебратиб туради.

Ўзбекистон матбуоти тепасига келган шахс ҳақида шу каби умумий маълумотлар берилмоқда. Бироқ Б.Алимовнинг “Шарқ”ни бошқаришдан олдин қаерда ишлагани, журналистикага алоқаси, агар қалам тебратса, қандай асарлар муаллифи экани ҳақида тўлиқ биладиган кишини топиш анча қийин бўлди.

Кўпчилик уни, энг аввало, мавжуд ҳукумат учун яхши хизмат қилиб келаётган амалдор сифатида билиши маълум бўлди.

Журналист Шароф Убайдуллаев Б.Алимов матбуот бошқарувига келган янги авлод вакили экани, масаланинг айни шу жиҳати муҳимлигини таъкидлади.

Журналистнинг сўзларига қараганда, агентлик раҳбарига қўйиладиган муҳим талаб матбуотни бошқариш, яъни цензорлик қилишдир. Бу ишни агентликнинг собиқ бошлиғи Р.Шоғуломов қойиллатиб бажарган. Б.Алимов эса “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси раислигига тайинланишдан аввал бу ерда бош муҳандис вазифасида ишлаган. Буюк Британияда полиграфия соҳасида таълим олган. У компания раҳбари бўлгач, бу ерда анчагина яхши ўзгаришлар бўлган. Шунинг учун Б.Алимов келишидан матбуотда сал бўлса-да, ижобий ўзгариш кутиш мумкин.

Журналист Мўмин Икромовнинг фикрича, Б.Алимовнинг соҳага раҳбар этиб тайинланиши матбуотда ижобий ўзгариш ясашга туртки бўлмайди. Чунки у ҳам тузум талабларини бажаришга маҳкум инсон.

Собиқ журналист, ҳозирда матбаачи Хайрулла Абдурашидовнинг билдиришича, Б.Алимов Р.Шоғуломов сингари эзилган Ўзбекистон матбуотини янада эзиш йўлларини қидириб топишга уринмаслиги мумкин. Аммо у мамлакат ҳукуматининг хоҳиш-иродасидан чиқиб кета олмайди.
XS
SM
MD
LG