Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:17

Фермер аёлнинг кўргуликлари


Хоразмлик фермер аёл Сафаргул Отажонова уч йилдан буён Урганч туман ҳокимлиги билан судлашмоқда. Ҳозир бу можаро юзасидан суд жараёни Тошкент вилояти хўжалик судида бўлиб ўтяпти.

Тумандаги Ғойбу қишлоғилик С.Отажонова Сотим Қаландаров номидаги ширкатдан 7 гектар ер олиб, 1998 йилда “Нормат” фермер хўжалигини ташкил этган эди.

Фермернинг сўзларига қараганда, 2002 йилда Урганч тумани ҳокими унга ажратилган ерни қайтариб олиб, бошқа ҳудуддан ер ажратиш тўғрисида қарор чиқарган. Фермернинг розилигини эса ҳеч ким сўрмаган. Шунинг учун фермер ҳокимликни судга берган. 3 йил давомида бу иш вилоятнинг турли судларида 10 марта кўрилган. Бироқ ижобий натижага эришилгани йўқ.

С.Отажонованинг таъкидлашича, Урганч туманларо суди 2002 йил 4 декабрда ҳокимнинг “Нормат” фермер хўжалигига тегишли ер майдонини алмаштириш тўғрисидаги қарорини ноқонуний деб топган. Лекин ҳокимлик фермерга тазйиқ ўтказишни давом эттирган. Унга техника, минерал ўғит ажратиш, сув беришда қаршиликлар бўлган. 2003 йил декабрда эса ҳокимликнинг даъво аризаси асосида вилоят хўжалик суди “Нормат” фермер хўжалигини тугатиш тўғрисида қарор чиқарган. Ҳокимлик фермерни шартнома мажбуриятларини бажармаганликда, ернинг ҳосилдорлигини пасайтириб юборишда айблаган.

Маълум бўлишича, Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 2004 йил 5 майдаги қарори асосида Хоразм вилояти хўжалик судининг қарорлари бекор қилиниб, иш қайта кўришга юборилган. Шундан кейин вилоят суди мазкур ишни бир неча марта кўриб, туман ҳокимлиги фойдасига қарор чиқарган.

С.Отажоновнинг билдиришича, вилоят судлари ҳокимлик топшириғи бўйича ҳукм чиқаради. Судьялар эса унга қўпол муносабатда бўлади. Вилоят судларининг нохолислигидан безгач, Олий хўжалик судига ишни бошқа вилоятда кўришни сўраб, аппеляция шикояти ёзган. Айни пайтда иш Тошкент вилояти хўжалик судида давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG