Линклар

Собиқ судья судга тортилди

  • Садриддин Ашур

21 февраль куни Ўзбекистон Олий Суди биноси инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва бир гуруҳ фуқаролар томонидан пикет қилинди. Бу ерда Тошкент шаҳри жиноят ишлари судининг собиқ судьяси Комила Абдувалиева устидан ёпиқ суд жараёни ўтказилаётганди.

К.Абдувалиева Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) бўйича айланяпти. Прокурор суддан айбланувчини 8 йилга озодликдан маҳрум этишни сўрамоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, ўтган йил ноябрда К.Абдувалиева раислигида Тошкент шаҳри судида Тўрткўл туманилик фуқаролар устидан жиноят иши кўрилган. К. Абдувалиева ўз хонасида айбланувчиларнинг яқинларидан 1500 доллар миқдорида пора олаётганида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган. Тинтув пайтида унинг хонасидан яна 3 минг доллар пул чиққан. Шунингдек, К.Абдувалиеванинг таъмагирлик қилгани ва пора олгани тўғрисида бошқа ҳолатлар ҳам аниқланган.

Олий суд биносини пикет қилганлар К.Абдувалиева кўрган жиноят ишлар бўйича қамалган, ўлим жазосига ҳукм этилган кишиларнинг қариндошлари, адвокатлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари эди. Улар К.Абдувалиева раислик қилган барча ишларни қайта кўриб чиқиш талабини илгари сурди.

Пикет иштирокчиси, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти эксперти Баҳриддин Шамсиддиновнинг таъкидлашича, 1995 йилда Наманган вилоятининг Косонсой шаҳрилик Олимхон Султонов, Мадаминхон Раҳмонов ва Меҳмонов қотиллик қилишда айбланган. Ўша пайтда Наманганда судьялик қилган К.Абдувалиева уларга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқариб, ўлим жазоси белгилаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Фарида Раҳимованинг билдиришича, К.Абдувалиева раислик қилган кўплаб судларда адолатсиз ҳукмлар чиқарилган. У яшайдиган Тошкентдаги ўта ҳашаматли ҳовли эса собиқ судьянинг порахўрлигига яққол далилдир.

С.Икромовнинг фикрича, К.Абдувалиева устидан суд жараёни ёпиқ тарзда ўтаётганига бир неча сабаблар бўлиши мумкин.

“Биринчидан, К.Абдувалиеванинг жаҳл устида баъзи сирларни, масалан, порахўр прокурор ёки судья шерикларини очиб ташлашидан хавотирга тушиш бўлиши мумкин. Иккинчидан, судьялар собиқ ҳамкасбини шу йўл билан ҳимоя қилиб, суддан силлиқ чиқариб юборишни кўзлаши эҳтимоли бор”, - деди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG