Линклар

logo-print

Журналистлар устидан суд бошланди


Турғунбек Қўрғонтепа туманлараро фуқаролик ишлари судида Андижон вилояти ҳокимлиги нашри бўлмиш “Андижоннома” газетаси бўлим мудири Тўлқин Сиддиқ ва мухбири Аъзам Қодиров устидан суд жараёни бошланди.

Журналистлар устидан судга Қўрғонтепа туманидаги “Намуна” ширкат хўжалиги бошқарув ҳайъатининг собиқ раиси Пўлат Исмоилов мурожаат қилган.

Собиқ раиснинг даъво аризасида ёзилишича, “Андижоннома” газетасининг 2005 йил 26 январь сонида эълон қилинган “Талон-тарож бўлган спорт иншооти” сарлавҳали мақола далилларга асосланмаган. Унда журналистлар ширкатга тегишли от спорти иншооти П.Исмоилов томонидан талон-тарож қилингани ҳақида бўҳтон ва туҳматдан иборат ахборотларга таянган.

П.Исмоилов ўз даъво аризасида суддан газетада раддия эълон қилиш ҳақида ажрим чиқаришини сўрайди.

Бироқ айбланаётган журналистлар “Озодлик” мухбири билан бўлган суҳбатда ўзларига билдирилаётган даъволарни рад этди.

А.Қодировнинг сўзларига қараганда, мақола ёзилишига ширкатдаги от спорти клубига раҳбарлик қилган шахснинг таҳририятга мурожаати сабаб бўлган. Журналистлар бу мавзуни ўрганиш учун ширкат раисининг талаби билан таҳририятдан хат ҳам келтириб берган. Улар вилоят ҳокимлиги вакиллари билан биргаликда суриштирув олиб борган ва бу жараёнда маълум бўлган далилларга асосланиб, мақола ёзган.

Журналист Т.Сиддиқ ўз устидан судга ариза берилганини ижобий қабул қилишини, чунки ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга ҳақли эканини билдирди.

Унинг айтишича, суднинг илк мажлисида даъвогарнинг иддаолари тингланган. Журналистлар бу даъволар билан танишиб чиқиш учун суддан муддат сўраган ва сўров қондирилган.
XS
SM
MD
LG