Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:41

Марказий нашрлар шарҳи


Дилнаво

Ўтган ҳафтада Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишланган мажлиси матбуот нашрлари эътиборида бўлди. Шунингдек, ҳукуматнинг янги таркиби билан 7 февралда ўтказилган йиғилишда Президент Ислом Каримов сўзлаган нутқ негадир ўн кундан кейин, 17 февралда эълон қилинди.

“Ҳуррият” газетасининг 16 февраль сонида Анваржон Ҳалимовнинг “Яна тилимиз софлиги хусусида” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Оммавий ахборот воситаларида тилга эътиборсизлик ҳолатлари ҳақидаги ушбу мақолада, жумладан, бундай дейилади: “Рус тилида “жёлтая пресса” ибораси мавжуд. Афсуски, бу иборани ҳам сўзма-сўз ўгириб, “сариқ матбуот” дея аташ одат тусига кириб боряпти. Агар уларга нисбатан рус тилидаги “бульварная газета”, яъни “кўча газетаси” ибораси қўлланилса, тўғрироқ бўларди. Чунки Россияда енгил-елпи, асосан, бузуқликларни тарғибот қиладиган газеталарни “желтая пресса” деб аташади. Бунга “Спид Инфо” газетаси ёрқин далил бўлиши мумкин. “Даракчи”, “Бекажон”, “Эрудит” ва “7х7” рўзномаларини ҳам сариқ матбуот сафига қўшиш ҳурматсизлик, ҳам адолатсизлик бўлади. Шу ўринда улуғ ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳорнинг: “Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким “ҳуштак чалмайди”,- деган ҳикматли сўзларини эсласак, фойдадан холи бўлмасди”.


“Халқ сўзи” газетасининг 18 февраль сонида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Шерзод Ғуломовнинг “Журналистлар кўнглидаги орзу” мақоласи чоп этилди. Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасига муносабат сифатида ёзилган мазкур мақолада қуйидаги сўзлар бор: “Президентимиз тўғри қайд этдилар: биз мустабид тузум мероси ва ақидаларидан, унинг мафкураси, маъмурий назорати ва цензурасидан катта қийинчилик билан халос бўляпмиз. Ҳали матбуотимиз ҳар доим ҳам халқимиз биздан кутаётган даражада тезкор ва холис ахборотлар, ислоҳотлар ва янгиланишлар йўлидан боришимизга тўсқинлик қилаётган нуқсонлар, ҳаётнинг долзарб муаммолари ҳақида ошкора, профессионал, чуқур таҳлилий материаллар етказиб бера олмаяпти. Журналистларимиз фаолиятида ўзини ўзи Чехов қаламга олган беликовчасига цензура қилиш, юқоридан буйруқ кутиш кайфиятлари сезилиб қолаётгани ҳам ҳақиқат. ОАВни “тўртинчи ҳокимият” деб атайдилар. Аммо бугунги ҳаёт биз, журналистлардан мамлакатимиз матбуоти, радио-телевидениесини амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига етказиш йўлида астойдил ҳаракат қилишимиз лозимлигини тақозо этмоқда”.

“Моҳият” газетасининг 18 февраль кунги сонида судья Исматилла Маманов ва журналист Беҳзод Бозоровнинг “Одил суд ва одил сўз” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллифлар суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг журналистлар томонидан тарғиб қилиниши ҳақида, жумладан, бундай ёзади: “…бу соҳада аксарият журналистлар газета ва журналларда ўткир, айни вақтда холисона ёзилган мақолалари билан газетхоннинг ҳурматига сазовор бўлишмоқда. Бироқ баъзи журналистлар томонидан матбуотда чоп этилаётган мақолалардан қонун тилини билмаслик, масаланинг моҳиятини тушуниб етмаслик, ҳали юқори инстанция суди томонидан суд босқичи текширувидан ўтмаган воқеа хусусида тахминлар эълон қилишлик ҳолатлари ҳам учрамоқда”.
XS
SM
MD
LG