Линклар

АҚШ Президенти Жорж Буш Қўшма Штатлар ва Европа ўртасидаги алоқаларни янгидан бошлашга чақирди.


Буш Атлантик Океани икки томонидаги ҳамкорларнинг келажакдаги вазифалари аниқланганини қайд этди.
Буш Америка Қўшма Штатлари кучли Европа тарафдори эканини маълум қилди. Чунки, деди у, АҚШ жаҳонда озодликни рағбатлантириш ҳаракатларида кучли ҳамкорга муҳтож.
АҚШ Презиенти транс-атлантик алоқаларнинг яхшиланиши жаҳонда тинчлик ҳукм суриши учун жуда муҳимлигини қайд этди.
“Бизнинг мустаҳкам дўстлигимиз жаҳон тинчлиги ва равнақи учун жуда муҳимдир. Келажакда ҳукуматлар ўртасидаги ҳеч қандай баҳс ва келишмовчилик орамизга низо сола олмайди”, - деди Брюсселда қилган чиқишида Буш.
Белгия Бош вазири Гай Верховштадт АҚШ Президентига сўз навбатини берар экан, Ироқ уруши борасидаги келишмовчиликларни унутишга чақирди. Ким ҳақу, ким ноҳақлиги ҳақидаги баҳсларга барҳам бериш лозим, деди Белгия бош вазири.
Шунингдек Буш ўз сўзида АҚШ ва Европанинг асосий мақсадларидан бири Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарони тўхтатиш эканини қайд этди.
“Бизнинг энг биринчи мақсадимиз Яқин Шарқда Тинчлик ўрнатишдир ва олдимизда шундай имконият очилди. Кўп натижасиз ҳаракатлар, пуч умидлар ва қурбонлардан кейин Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаронинг ҳал этилиши мумкинлигини
кўриб турибмиз”.

Чоршанба куни Буш Германия канцлери Герхард Шрёдер билан учрашгани боради. Ундан сўнг эса Словакияга йўл олади. Пайшанба куни Словакия пойтахти Братиславада Бушнинг Россия Президенти Путин билан учрашуви режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG