Линклар

logo-print

Кўрсатилмаган хизмат учун қарздорлик


Фарғона вилоятида коммунал тўловлардан қарздор бўлиб қолаётган фуқаролар маҳаллий телевидение орқали фош этилмоқда. Мутасадди ташкилотлар вакиллари уйма-уй юриб, фуқароларни қарзни ўз вақтида тўлашга мажбур қиляпти.

Бу ҳаракатлар Ўзбекистон Президентининг коммунал хизматлар учун истеъмолчиларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш механизмини яратиш ҳамда уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга ошириляпти.

Қарор ижросини таъминлашнинг бундай усули мутасадди ташкилотлар ва аҳоли ўртасида турли келишмовчиликларга сабаб бўляпти.

“Озодлик” мухбири Фарғона шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида қарзни ундириш учун келган “Сувоқова” ташкилоти вакиллари иштирокидаги шундан келишмовчиликнинг гувоҳи бўлди.

Хонадон эгасининг сўзларига қараганда, бу уйнинг подъездида тўрт йилдан буён иссиқ сув йўқ. Шунга қарамай, бир неча марта пул тўлаган. Ҳозир “Сувоқова” вакиллари яна 20 минг сўм қарз борлигини айтмоқда.

“Сувоқова” вакилининг таъкидлашича, марказий тизимдан иссиқ сув услуксиз берилмоқда. Уни уйларга улаш учун уй-жой мулкдорлари ширкати ҳаракат қилиши керак.

Фуқаролар эса ширкатга мурожаат этгани, бироқ улар пул йўқлигини баҳона қилганини айтди.

Наманган шаҳрида ҳам қишда кўпинча газ бўлмайди. Бироқ мутасаддилар Президент қароридан кейин ёнмаган газга ҳам пул талаб қилмоқда. Электр энергияси бўйича ҳам аҳвол шунга яқин.

70 ёшли ногирон Абдулла Бегматовнинг билдиришича, Наманганда тунда электр бериш тўхтатилади. Фуқаролар пулини тўлаётганига қарамай, бу аҳвол мунтазамлик тусини олган.

Намангандаги коммунал хизмат кўрсатиш корхоналаридан бирининг айтишича, халқ коммунал хизмат учун вақтида пул тўламайди. Пайдо бўлаётган муаммолар шунинг оқибатидир. Юқори идоралар эса аҳолидан қарзларни мажбуран ундиришни талаб қиляпти.

Наманганлик Гулчеҳра Бобохонова кўп қаватли уйда яшайди. Беш хонали хонадонда саккиз киши истиқомат қилади. Унинг эри бозорда темир-терсак сотиб, оила боқади. Бу оиланинг коммунал хизматлардан қарзи 70 минг сўмга етган.

Г.Бобохонованинг маълум қилишича, оила ойига 50-60 минг сўм пул топади. Ҳозир иссиқ сув учун бир кишига ойига 1400 сўм тўлаш керак. Бошқа тўловлар ҳам шу каби жуда қиммат. Оила кўрадиган даромад эса бу тўловларни амалга ошириш имкониятини бермайди.
XS
SM
MD
LG