Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:46

Жиловингни бўш қўйма, Жайҳун!


Маълумотларга кўра, Амударёда сув тошқини хавфи мавжуд. Шунинг учун Хоразмда вилоятнинг тошқинга қарши фавқулодда комиссияси тузилиб, кечаю кундуз назорат тартиби ўрнатилган.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Улуғбек Зоҳидовнинг сўзларига қараганда, Амударёда муз қалинлиги қарийб 25 сантиметрни ташкил этади. Агар умумий муз кўчиши бошланса, дарёнинг баъзи жойларида муз тўғони ҳосил бўлиши мумкин. Бу эса тошқин хавфини вужудга келтиради.

У.Зоҳидовнинг билдиришича, ҳозир тошқиннинг олдини олиш мақсадида вилоятдаги идора ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат фавқулодда комиссия иш олиб боряпти. Махсус ишчи гуруҳ дарёнинг муз тиқини ҳосил бўлиши мумкин бўлган жойларини аниқлаб, тегишли чораларни кўрмоқда. Тошқин хавфи пайдо бўлса, қирғоқни қум солиб тўсиш учун 100 минг дона қоп йиғиш вазифаси қўйилган.

Маълум бўлишича, идора ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари ҳам қоп йиғишга жалб этилган. Янгибозорлик ҳар бир ўқитувчи 5 дона қоп топшириши белгиланган. Айрим туманларда ҳар бир хонадонга 2 тадан қоп топшириш мажбурияти юкланган.

Амударё ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Кеулимжай Саятовнинг билдиришича, муз кўчган пайтда Беруний ва Қипчоқдаги понтон кўприкларни очиб юбориш мумкин. Аммо Тахиатошдаги сув иншоотига муз тиқилиши хавфи бор.

Бирлашманинг сув ресурслари бошқармаси бошлиғи Олег Лисенко Қорқақалпоғистонда сув тошиш хавфи Нукус шаҳри яқинидаги Саранжа қишлоғи ва Қизилжар ҳудудида юқори эканини маълум қилди. Агар Тахиатош сув иншоотига муз тиқилса, Саранжада сув тошади. Қизилжар эса Амударё ўзани кейинги йилларда сув кам бўлгани оқибатида торайиб қолгани қурбони бўлиши мумкин.

Амударёдаги ҳозиргига ўхшаш вазият бундан 36 йил муқаддам кузатилган эди. 1969 йилда қиш қаттиқ келиб, муз кўчиши оқибатида муз тиқинлари ҳосил бўлган, Қорақалпоғистон ва Хоразмда сув тошганди. Бироқ мутахассислар ҳозир дарёда Туямўйин сув омбори ва Тахиатош гидроузели борлиги, бу эса 1969 йилдаги даражада сув тошиши олдини олишини айтмоқда.

Уларнинг фикрича, ўз вақтида чора-тадбирлар кўрилса, тошқиндан кам талофат билан чиқиш мумкин. Қолаверса, дарёдаги тўғонлар мустаҳкамланмоқда. Вазият эса тўла назорат қилиняпти.

Соҳа мутахасислари ҳаво исиши вазиятнинг ўнгланишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлаяпти. Бироқ, вилоят гидрометеорология бошқармаси маълумотларига кўра, вилоятда яқин икки кун ичида қор ва ёмғир ёғиши кутиляпти. Ҳаво ҳарорати кечалари 5-10 даража совуқ бўлади.
XS
SM
MD
LG