Линклар

logo-print

АҚШ Яманқуловдан балога қолди

  • Барно Анвар

8 февралдан Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳузурида матбуот маркази иш бошлади. 11 февраль куни шу муносабат билан матбуот анжумани ўтказилди ва унда вилоят ҳокими Убайдулла Яманқулов иштирок этди.

Электрон оммавий ахборот воситаларида хабар қилинишича, У.Яманқулов тадбирда сўзлаган нутқининг асосий қисмини дунёда АҚШ юритаётган сиёсатни қоралашга бағишлаган. У АҚШнинг ўз манфаати йўлида БМТ, Халқаро валюта жамғармаси, Европада тикланиш ва тараққиёт банкига тазйиқ ўтказаётгани, Ироқ, шунингдек, Марказий Осиё давлатларидаги ҳаракатларига танқидий муносабат билдирган.

Халқаро ва маҳаллий кузатувчилар вилоят ҳокимининг бу баёнотини ўта кескин, деб баҳоламоқда.

Маълум бўлишича, ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад вилоят ҳокимлиги ҳузурида матбуот маркази ташкил этилганини эълон қилиш ва унинг раҳбари этиб тайинланган Неъмат Сайдалиевни вилоят журналистларига таништириш бўлган.

“Озодлик” мухбири бу ҳақдаги маълумотларнинг ҳақиқатга қанчалик яқинлигини ўрганиш мақсадида вилоят ҳокимлиги матбуот маркази раҳбари Н.Сайдалиевга мурожаат қилди. У электрон ОАВда эълон қилинган барча маълумотларни рад этди.

Бу тадбирда иштирок этган журналистлар билан суҳбатдан матбуот маркази раисининг гаплари ҳақиқатга кўп ҳам тўғри келмаслиги маълум бўлди.

Жиззахдаги “Бахтиёр-ТВ” телевидениеси раҳбари Бахтиёр Эшонқуловнинг сўзларига қараганда, матбуот анжуманида У.Яманқулов чиндан ҳам АҚШ сиёсатига баҳо берган. Вилоят ҳокими АҚШнинг дунёдаги нуфузи, жаҳон бозорига таъсири тўғрисида гапириб, бу тажрибадан ижобий хулоса чиқариш маъносида гапирган.

Журналист Улуғбек Ҳайдаровнинг таъкидлашича, у матбуот анжуманига кечикиб борган. Тадбирда бошдан қатнашган журналистлар У.Яманқулов АҚШ сиёсатига танқидий баҳо берганини тасдиқлаган. Вилоят ҳокими маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ҳам танқид қилган. Улар инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида аввал бутун дунёга жар солиб, кейингина маҳаллий идораларга мурожаат этишда, шунингдек, яқинда бўлиб ўтган парламент сайловини қоралашда Ғарб ташкилотларига ёрдам беришда айбланган.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев мутасаддиларга мурожаат қилганига қарамай, матбуот анжуманига киритилмаган. Унинг фикрича, вилоят ҳокимининг бундай кескин баёнот бериши бежиз эмас. Бу Ўзбекистон ҳукумати ташқи сиёсатида Россия томон бурилиш бўлаётгани натижаси, шунингдек, сўнгги вақтларда Жиззахда уюштирилаётган кўплаб норозилик чиқишларига ўзига хос реакциядир.
XS
SM
MD
LG