Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:32

Қозоғистон ҳукумати пенсия ва стипендияларни кўпайтирмоқчи


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўтган ҳафтада мамлакат парламентининг янги биносида қозоғистонликларга мурожаатномасини ўқиб эшиттирди. Анъанавий йиллик мурожаатномаларининг бу йилгисида Қозоғистон раҳбари Марказий Осиё мамлакатлари иттифоқи тузиш ғоясини илгари сурди.

Жаноб Назарбоевнинг фикрича, Қозоғистоннинг Ўзбекистон ва Қирғизистон билан абадий дўстлик тўғрисида имзолаган битимлари ўша иттифоқни тузиш учун асос бўла олади.

Қозоғистон президенти ўз мурожаатномасида жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб пенсия ва стипендиялар ҳамда энг кам иш ҳақи миқдори оширилажагини ҳам маълум қилди.

Қозоғистон президенти мамлакат халқига мурожаат қилар экан, энг кам пенсия оладиган қозоғистонлик 1 июлдан бошлаб 9200 танга (тахминан 70 минг ўзбек сўми) ола бошлашини, мамлакат бўйлаб ўртача пенсия эса, 12 минг танга (қарийб 100 минг ўзбек сўми) бўлишини айтди.

Давлат амалдорлари ҳамда бюджетдан маош олувчиларнинг энг кам иш ҳақи ҳам шу миқдорга кўтарилади, олий ўқув юртлари ҳамда касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари стипендиялари икки бараварга оширилади, деди Назарбоев.

Унинг айтишича, мамлакат аҳолиси ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун кейинги йилларда иқтисодий асослар пайдо бўлган. (Бу масалага бироздан сўнг тўхталамиз ва Қозоғистоннинг ички ялпи маҳсулоти ҳажмини Ўзбекистонникига қиёслаб кўрамиз. Ҳозир эса, оддий қозоғистонликлар ҳамда мамлакат парламентининг баъзи аъзоларига қулоқ тутайлик.)

Депутат Амангелди Таспековнинг сўзларига қараганда, президент Назарбоевнинг иш ҳақи ва пенсиялар миқдорини ўртача 30 фоизга кўтариш тўғрисидаги қарори парламент аъзолари учун деярли кутилмаган баёнот бўлган.

- Президент айтган гапларни амалга ошириш учун кўплаб қонунларга ўзгартиш киритиш керак, давлат бюджетини қайта кўриб чиқишимиз лозим, - деди депутат.

Оддий қозоғистонликлар пенсия ва иш ҳақларининг ошаётганлигидан, табиийки, хурсанд.

- Президентнинг мурожаатномасини, пенсияларни оширамиз, деганини эшитиб, суюндим, - дейди олмаоталик уй бекаси.

Озодлик мухбирининг мана бу суҳбатдоши ҳам келажакка умид билан қарамоқда. Унинг фикрича, Қозоғистон минтақадаги қўшниларидан анча илгарилаб кетди.

- Худо хоҳласа, келажагимиз яхши бўлади. Бошқа мамлакатларга қараганда бизнинг Қозоғистон фуқаролари анча олға кетиб қолди, - дейди оддий олмаоталиклардан бири.

Мана энди, мамлакат аҳолиси ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун кўрила бошлаган чораларга асос бўлаётган молиявий-иқтисодий омилларга тўхталайлик.

Қозоғистон президенти парламент минбаридан туриб мана бундай деди: "Агар бундан 10 йил муқаддам ички ялпи маҳсулотимиз аҳоли жон бошига 700 доллардан тўғри келган бўлса, 2004 йилнинг охирига келиб, бу кўрсаткич 2 700 долларданга тўғри келди. Бу йил эса, ички ялпи маҳсулотимизнинг аҳоли жон бошига тахминан 3000 доллардан тўғри келишини мўлжаллаяпмиз".

Хўш, бу кўпми ё озми, масалан, Ўзбекистонга нисбатан? Ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивониннинг айтишича, "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ички ялпи маҳсулот аҳоли жон бошига 500 долларданга тўғри келади".

Қозоғистонда 2700 долларданга, Ўзбекистонда қарийб 5 ярим баравар оз - 500 долларданга.

Қозоғистон президентига кўра, шу кунда мамлакатнинг олтин-валюта заҳираси қиймати 14 миллиард АҚШ долларидан зиёддир.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивониннинг айтишича, бу мамлакатнинг олтин-валюта заҳираси тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинмайди.

"Маълумотлар эълон қилинмаса-да, Ўзбекистоннинг олтин-валюта заҳираси шу кунда жуда яхши аҳволда ва бу аҳвол тобора яхшиланиб бормоқда", - дейди ўзбекистонлик иқтисодчи.
XS
SM
MD
LG