Линклар

Ўзбекистонда “Матиз” нега қиммат?

  • Барно Анвар

Ўзбекистондаги “ЎзДЭУавто” қўшма корхонаси “Матиз” русумли автомобилларининг янги турларини ишлаб чиқара бошлади. Бу турдаги автомобиллар ички бозорда эмас, асосан, МДҲ ҳудудида сотувга чиқарилмоқда.

“Матиз”нинг янги чиқарила бошланган уч турининг баҳоси 8700 доллардан 9400 долларгача. Маълумотларга кўра, бу автомобиллар май ойидан ички бозорга ҳам чиқарилади.

Автомобил ишқибозларининг эътирофича, “Матиз” шаҳарбоп бўлиб, техник имкониятлари ва тежамкорлиги жиҳатидан ўз тоифасига мансуб МДҲда машҳур бўлган “Ока” ва “Таврия” русумли автомобиллардан анча афзал. Шунинг учун у МДҲ мамлакатларида рақобатга бардош бериши мумкин. Бироқ “Матиз”нинг нархи ички бозор учун анча қиммат.

Баъзи суҳбатдошларнинг таъкидлашича, “ЎзДЭУавто” маҳсулотларининг баҳоси ички бозорда атайин қиммат белгиланган. Масалан, “Тико” автомобили аввалига 4000 доллар атрофида сотилган бўлса, кейинчалик 8000 долларгача қимматлаган. Бунга Ўзбекистон бозоридаги рақобат сунъий равишда йўқ қилингани сабаб бўлса, бошқа томондан давлатнинг молиявий сиёсати натижасидир. Давлат шу йўл билан аҳоли қўлидаги ортиқча маблағни йиғиб олишни кўзлаган бўлиши мумкин.

Баъзи суҳбатдошлар эса “ЎзДЭУавто”да ишлаб чиқарилган машиналар баҳоси сунъий равишда қимматлаштирилгани амалдорларнинг чўнтаги қаппайишига хизмат қилаётганини билдирди.

Уларнинг фикрича, “Матиз”нинг янги турлари анча қимматлиги боис Россия ёки Қозоғистон бозоридаги рақобатга бардош бериши қийин. Чунки бу нархда “Матиз”дан кўра яхшироқ автомобиль харид қилиш мумкин.

Маълумотларга кўра, “ЎзДЭУавто” машиналари хорижда ички бозордагидан анча арзон нархда сотилади. Масалан, Россияда “Нексия”нинг баҳоси Ўзбекистондагидан 1500-2000 доллар арзон.

Бу автомобилларнинг ички ва ташқи бозордаги баҳосидаги фарқ хусусида “ЎзДЭУавто”нинг Тошкентдаги ваколатхонасидан жавоб олишнинг иложи бўлмади.


“ЎзДЭУавто”нинг Россиядаги ваколатхонаси савдо ва маркетинг бўлими мутахассиси Ксения Александрованинг айтишича, Ўзбекистон автомобиллари Россияда яхши сотиляпти. Хусусан, “Матиз”га қизиқиш катта. Унинг нархи россиялик харидорлар чўнтагига тўғри келади.
XS
SM
MD
LG