Линклар

АҚШ президенти Жорж Буш Германия Канцлери Герхард Шрёдер билан музокаралар ўтказди.


Учрашув якунида АҚШ раҳбари Берлиннинг Ироққа оид масалалардаги ролини муҳим ҳисса, дея баҳолади.
Майнц шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Буш ўзининг Германияга ташрифини Европага расмий сафарининг энг муҳим қисмларидан бири эканини таъкидлади.
Кеча Америка раҳбари Брюсселга ҳам борган эди. Эртага эса Словакия пойтахти Братиславада Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказади.
Германия 2003 йилда АҚШ кучлари бошчилигидаги Ироқ урушига қарши чиққан. Аммо Ироқнинг қарзларидан кечиш ва хавфсизлик кучларини ўқитишда ёрдам кўрсатишга розилик берган.
Матбуот анжуманида Шрёдер билан ёнма-ён туриб, Буш ўтмишдаги келишмовчиликларни унутмоқ лозимлигини айтди.
Эрон ядровий дастури ҳақида тўхталар экан Буш, Теҳрон билан олиб борилаётган дипломатик музокаралар эндигина бошланаётганини қайд этди.
“Эрон ўз ядровий қуролига эга бўлмаслиги керак. Хавфсизлик ва тинчликни сақлаш учун улар ядровий қуролни қўлга киритмасликлари лозим. Германия, Франция, Буюк Британия ҳамда Қўшма Штатларнинг умумий мақсади ана шундан иборат. Бу мақсадга биргаликда эришишимиз мумкин”, - деди президент Буш.
Айни пайтда, Буш сафар билан борган Германиянинг Майнц шаҳрида 5 мингга яқин киши иштирокидаги норозилик намойиши бўлиб ўтди. Намойиш иштирокчилари Бушнинг Германияга келишига норозилик билдирди.
Улар “Буш 1чи рақамли террорист”, “Уруш савдогари”, “Буш бор жойда уруш бор” ва “Буш йўқол” каби шиорларни кўтариб чиқди.
Расмийлар Бушнинг расмий сафари давомида хавфсизликни таъминлаш учун 10 мингга яқин полициячиларни жалб қилди.
XS
SM
MD
LG