Линклар

logo-print

Шайбоний ўзбекка бегона эмас


Зикрилло Ишонч Баъзи тадқиқотчилар Ўзбекистонда Шайбонийлар сулоласи, хусусан, шоҳ ва шоир Муҳаммад Шайбонийхон шахсига етарлича қизиқиш ва холис ёндашув йўқлигини таъкидламоқда.

15-асрнинг охири 16-аср бошларида яшаб ўтган Шайбонийхон “Шабон” тахаллуси билан шеърлар ёзган. Манбаларда қайд этилишича, у Дашти Қипчоқ, Мовароуннаҳр ва Хуросонда ўзбек давлатчилигини тиклаб, илм-маърифат вакилларига ғамхўрликлар қилган. Бутун умри жангу жадалларда ўтганига қарамай, ижод қилишга ҳам вақт топган.

“Музаккири аҳбоб” асарида ёзилишича, Шайбонийхон қироат, мусиқа, хаттотлик, мусаввирлик соҳаларини чуқур эгаллаган.

Адабиётшунос Эргаш Очиловнинг сўзларига қараганда, Шайбонийхоннинг 300 дан ортиқ ғазал ва бошқа асарларини ўз ичига олган тугалланмаган девони бизгача етиб келган. Унинг Мулла Биноийнинг “Шайбонийнома” асаридан ўз қўли билан кўчирган парчалари мавжуд. Шоҳ ўзининг тўнғич ўғли ва валиаҳди Темур Султонга бағишлаб ёзган панднома руҳидаги асари Туркияда сақланади.

Шайбонийхон шеъриятнинг катта қисмини диний-тасаввуфий қарашлар акс этган ғазаллар ташкил этади.

“Меҳмонномаи Бухоро” муаллифининг келтиришича, унинг тасаввуфий ғазалларига ҳатто шарҳлар ёзилган.

Э.Очиловнинг таъкидлашича, Шайбонийхон ижодида уруш тафсилотлари, ҳаётий муаммолар, дарвишлик кечинмалари ҳам кенг ўрин олган.

Айрим тадқиқотчилар шундай улкан сиймога муносабат ўта совуқ ва бирёқлама эканидан афсусланиш билдиради.

Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг фикрича, ўзбек давлатчилиги тарихида Муҳаммад Шайбонийхон ва у асос солган ҳамда юз йил давом этган Шайбонийлар сулоласининг ҳам ўз ўрни бор. Шайбонийхон шахси, давлат арбоби сифатидаги фаолияти, шоирлик истеъдоди тўғрисида кўп гапириш мумкин.

“Афсуски, Шайбонийхоннинг юртида, айнан Ўзбекистонда бу шахсни ўрганишда оқсаяпмиз. Унинг фаолиятини ёритаётганда совет даврида белгилаб берилган қолиплардан четга чиқмаяпмиз. Темурийлар, Бобурийлар қатори Шайбойнийлар ҳам бизнинг аждодларимиз эканини кўпчилик тушунишни хоҳламаяпти. Шайбоний ҳамма вақт ўзини Амир Темур давлатининг вориси ҳисоблаган. Биз бир сулоланинг фаолиятига кўп эътибор берамиз, иккинчисини эса ё ёритмаймиз, ёки бузиб кўрсатамиз”, - деди Қ.Ражабов.
XS
SM
MD
LG