Линклар

Шифохоналар японларнинг пулига жиҳозланади

  • Садриддин Ашур

23 февраль куни Тошкентда Япония ҳукуматининг Ўзбекистонга турли соҳаларни ривожлантириш учун беғараз ажратаётган молиявий-техникавий ёрдамларига бағишланган анжуман ўтказилди.

Япония шу пайтгача Ўзбекистонга турли кўринишда қарийб 2 миллиард доллар сармоя киритган. Жумладан, ўтган йили Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли қурилиши учун 150 миллион доллар имтиёзли кредит берилганди. Шунингдек, Япониянинг “Жейбек” банки Тошкент, Навоий ва Муборакдаги иссиқлик электр станцияларини қайта таъмирлаш учун 180 миллион долларга яқин сармоя таклиф этган.

Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, иқтисодиёт вазири Рустам Азимов Ўзбекистон кўрсатилаётган ёрдамлар учун Япония ҳукуматидан миннатдор эканини билдирди.

“Телекоммуникация тизимини замонавийлаштиришдаги Япония ҳукуматининг ёрдами натижасида Ўзбекистонда оммавий компьютерлаштириш жараёни бошланди. Ўн минглаб одамлар ва юзлаб ташкилотлар Интернет тармоғига уланди. Ўнлаб мактаб ва коллежлар Япониядан келтирилган ўқув лабораториялари ва компьютерлар билан таъминланди”, - деди Р.Азимов.

Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Юичи Кусимотонинг сўзларига қараганда, ўзаро ҳамкорлик Ўзбекистонда иқтисодиётнинг ўсиши учун замин яратиш, инфратузилмани ривожлантириш, бозор иқтисодиёти ва демократияни либераллаштириш йўлидаги қийинчиликларни енгиб ўтишга қаратилган.

Анжуманда Япония жорий йилда ҳам Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ва халқ таълими тизимини ривожлантириш учун ёрдам ажратиши таъкидланди. Жумладан, Шаҳрисабз, Самарқанд, Арнасой туманлари ва Навоий шаҳридаги марказий шифохоналарни энг замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминлаш, баъзи мактабларда спортни ривожлантириш учун турли миқдордаги грантлар ажратилиши маълум қилинди.

Ўзбекистон халқ таълими вазири Туробжон Жўраевнинг айтишича, 2004 йилда Япония ҳукумати бу тизимдаги 14 та лойиҳани молиялаштирган. Бу лойиҳаларнинг умумий қиймати 900 минг долларни ташкил этади. Бу йил ҳам Япония ҳукумати ажратган грантлар асосида Ўзбекистон мактабларини ўқув лабораториялари ва компьютерлар билан жиҳозлаш давом эттирилади.
XS
SM
MD
LG