Линклар

Бошлиқлар ваъда бериб, балога фермер қолади


Фирдавс Қашқадарёлик фермерлар билан жорий йилги пахта ва ғалла ҳосили учун тузилаётган шартномаларда гектаридан олинадиган ҳосилдорлик ўтган йилгига қараганда бир неча центнер кўпроқ белгиланмоқда.

Фермер хўжаликлари шу пайтгача умумий ҳосилнинг 50-60 фоизини давлатга сотиб, ортиқчасини ўзига олиб қолган бўлса, янги шартномада бу кўрсаткич 70-75 фоизгача кўтарилган.

Касбилик фермернинг сўзларига қараганда, у шу пайтгача етиштирган ғалласининг 50 фоизини давлатга топшириш ҳақида шартнома тузар эди. Бу йил эса ғалла ҳосилининг 70 фоизини давлатга топшириш ҳақида шартнома имзолатилмоқда.

Фермерлар шартномада кўрсатилган ҳосилни етиштириш имкониятлари ҳеч кимни қизиқтирмаётгани, фақат буйруқ асосида иш тутилаётганидан норози бўлмоқда. Уларнинг айтишича, ерларнинг аҳволи ёмонлашиб боряпти. Лекин ерни соғломлаштиришга айтарли эътибор қаратилаётгани йўқ. Шартномада фермерлар топшириши лозим ҳосил кўрсаткичи эса йилдан-йилга юқориламоқда. Қолаверса, ўғит, ёқилғи ва техника билан ўз вақтида таъминланмаслик ҳам белгиланган ҳосил олинишига имкон бермайди.

Нишонлик фермернинг таъкидлашича, у ишлаётган ернинг бонитети 40 баллдир. Қонун бўйича бундай бонитетли ернинг ҳар гектаридан ўртача 18 центнер пахта, 23 центнер ғалла олиш белгиланиши лозим. Лекин тузилган шартномада унга 27 центнердан пахта, 46 центнердан ғалла етиштириш мажбурияти юкланган.

Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Рашид Муҳаммадиевнинг билдиришича, жорий йилда Қашқадарё давлатга ўтган йилгидан 56 минг тонна ғалла, 16 минг тонна пахта кўпроқ етиштириб беришни режалаштирган. Бу фермер хўжаликларининг тайёрлов ташкилотлари билан тузган шартномалари асосида белгиланган. Бу шартномалар мажбурлаб туздирилаётгани йўқ. Аксинча, фермерларнинг юқори ҳосил олиш имкониятлари етарли.
XS
SM
MD
LG