Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:46

Президент қарори Конституциявий судда ўрганилди


Тўлқин Электрон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистондаги қонунчиликнинг мустақил мониторинги ҳаракати вакили Алишер Нурматов имзоси билан мамлакат Конституциявий судига очиқ ариза эълон қилинди.

Ўзбекистон Президентининг 2005 йил 12 февралдаги “Коммунал хизматлар тарифларининг асоссиз равишда ўсиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда улар учун ўз вақтида ва тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши учун истеъмолчиларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан шикоят қилиб ёзилган ушбу аризада, жумладан, бундай дейилади:

“Ўзбекистон Президенти қарори бандлари Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ келмайди. Президент мамлакат аҳолиси турмуши фаровонлигини энг паст зарурий даражада ҳам таъминламади ҳамда коммунал хизматлар учун ўз вақтида ва тўла ҳисоб-китобда истеъмолчиларнинг масъулиятини оширмоқда. Қарорда фуқароларнинг мулкка бўлган ҳуқуқлари ҳисобга олинмаган. Ўзбекистонда 20-аср давомида мулкий муносабатлар икки марта бузилди. 1917 йил октябрдаги биринчи бузилиш кутилмаган инқироз билан барҳам топди. Иккинчи бор ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мулкий муносабатларга ўзининг ҳаққоний мазмунини қайтаришга уриниш бўлди. Президентнинг мазкур қарори эса 21-асрда шахсий ҳаётни яна ўтган асрнинг 17-йилига қайтаради”.

Аризада Президент қарори бандларида Конституция, Фуқаролик ва Уй-жой кодекслари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қўпол равишда бузилгани айтилиб, бунга мисоллар келтирилади.

Хўш, қарорда кўрсатилганидек бўш турган эгасиз уйларни давлат ҳисобига ўтказиш амалдаги қонунларга мувофиқми?

Ҳуқуқшунос Гулнора Эшонхонованинг сўзларига қараганда, шахсий мулк ҳисобланган уй-жойлар бўш тургани учун давлат ҳисобига ўтказилиши мулкдорларнинг мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини паймол этишга тенг бўлади.

Қарорда коммунал хизмат ҳақи ўз вақтида тўланмаса, газ, сув каби тармоқлар узиб қўйилиши, тўлов узоқ муддат амалга оширилмаган ҳолатларда мулкдор жавобгарликка тортилиши айтилган.

“Юрист сифатида бир ҳолатга эътибор қаратмоқчиман. Ҳар бир қонунбузарлик қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасидан содир этилиши мумкин. Шунинг учун мулкдор коммунал хизмат ҳақини даромади тўловни амалга ошириш учун етмагани ёки иқтисодий ночорлиги учун тўламаган бўлса, суд бу ҳолатни инобатга олиши лозим”, - деди Г.Эшонхонова.

Конституциявий суд девонхонаси ходимаси Нодира Очилованинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, Конституциявий суд А.Нурматовнинг аризаси билан танишиб чиққан. Судьялар Президент қарорини мамлакат Конституцияси мувофиқ, деб топган.
XS
SM
MD
LG