Линклар

logo-print

Аввал маълумотнома, кейин маош

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда аҳолининг коммунал тўловлардан қарздорлиги муаммоси тобора долзарблашиб боряпти. Мамлакат Президентининг қарздорликни камайтиришга қаратилган қарорлари эса аҳоли норозилигини янада кучайтиряпти.

Аҳолининг коммунал тўловлардан қарзларини кечиш талаби жорий йилда Тошкентда ўтказилган бир неча пикетда янгради. Пикет иштирокчилари коммунал тўловлар аҳоли даромадларига мос бўлмаган равишда ўсиб бораётгани, шунинг учун истеъмолчи уни тўлашга қурби етмаслигини билдирганди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Аъзам Турғуновнинг билдиришича, 1996 йилдан 2005 йилгача иситиш тизимида нарх 380 баробар, иссиқ сувда 284, совуқ сувда 153, газ 216, электр энергиясида 35 баробар ўсган. Бу даврда маошлар бор-йўғи 26 баробар ошган. Шунинг учун коммунал тўловлардан қарзлар кўпайиб бораётганида аҳолининг айби йўқ.

А.Турғуновнинг фикрича, Ўзбекистон Президентининг 2005 йил 12 февралдаги “Коммунал хизматлар тарифларининг асоссиз равишда ўсиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда улар учун ўз вақтида ва тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши учун истеъмолчиларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори коммунал тўловлар ҳаддан ташқари ўсиб кетгани туфайли қабул қилинган бўлиши мумкин.

Лекин бу қарор аҳолига ҳеч қандай енгиллик яратаётгани йўқ. Аксинча, қарор ижросини бекаму кўст таъминлаш учун маҳаллий ҳокимият вакиллари барча чора-тадбирларни кўрмоқда.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ишчиси Исмоил Маллабоевнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, корхона раҳбарияти ҳокимлик билан келишган ҳолда коммунал тўловни ундиришнинг антиқа усулини ўйлаб топган. Яъни коммунал тўловлардан қарзи йўқлиги ҳақида маълумотнома тақдим этмаган ишчи-хизматчиларга маош берилмаётир. Лекин ҳозир коммунал хизмат кўрсатувчи ҳеч бўлмаганда битта ташкилотдан қарздор бўлмаган одамни топиш қийин. Хулоса шуки, завод раҳбариятининг бу қарори маош бермаслик мақсадида ўйлаб чиқарилган.

Наманганлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Маликжон Отахоновнинг сўзларига қараганда, вилоятда аҳолининг коммунал тўловлардан қарзини йиғиб олишда болалар ризқига ҳам кўз олайтирилмоқда. Яъни икки ёшга тўлмаган болаларни парваришлаш учун давлат томонидан белгиланган нафақа тарқатилмай, тўловлар учун мажбурий равишда ушлаб қолиняпти.

Андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Дилшод Тиллахўжаевнинг таъкидлашича, Президент қарори қабул қилинмасдан аввал ҳам коммунал тўлов борасида аҳолининг эътирозлари кучли эди. Вилоятда бир неча марта норозилик чиқишлари ҳам бўлганди. Эндиликда эса коммунал тўловлардан қарздор кишилар маҳаллий телевидение ва “Андижоннома” газеталари орқали изза қилинмоқда.

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раиси Марат Зоҳидовнинг фикрича, қарорда асосий жиҳат – фуқароларнинг тўлов қобилияти ҳисобга олинмаган. Шунинг учун аҳолининг норозилиги давом этаверади.
XS
SM
MD
LG