Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:28

Марказий Осиё иттифоқи минтақа халқлари учун зарур


Феруза Россиянинг “Интерфакс” ахборот агентлиги Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Марказий Осиё иттифоқини ташкил этиш таклифини салбий кутиб олгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Хабарда ёзилишича, Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси вакили: “Н.Назарбоевнинг бу таклифи вақти-вақти билан такрорланиб турадиган, асоссиз ва ҳақиқатдан йироқ даъватдан бошқа нарса эмас. Қозоғистон раҳбари минтақавий ҳамкорлик йўлида амалий натижаларга эришмай, иқтисодий интеграция сари бирор қадам қўймасдан асоссиз янги ташаббусларни илгари суради”, - деган.

23 февраль куни эса Ўзбекистон Президенти Қозоғистон раҳбари билан телефон орқали мулоқот чоғида “Интерфакс” хабаридаги бу муносабатга Ўзбекистон ТИВнинг мутлақо алоқаси йўқлигини билдирди.

Ўзбекистон Президентининг бундай раддиясидан сўнг “Интерфакс” тарқатган хабарнинг қанчалик асосли эканига ойдинлик киритиш учун “Озодлик” мухбири агентлик ходимига мурожаат қилди.

“Интерфакс” мухбирининг билдиришича, хабарда келтирилган маълумотлар Ўзбекистон ТИВнинг расмий муносабати эмас, балки вазирлик мулозимининг шахсий муносабатидир.

Хўш, Марказий Осиё иттифоқи минтақанинг қайси давлатига кўпроқ манфаат келтиради, Ўзбекистоннинг бу таклифни қўллаши ёки инкор этиши мамлакатга нима беради?

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг сўзларига қараганда, иттифоқнинг ташкил этилиши иқтисодиёти ривожланган мамлакатга кўпроқ фойдалидир. Лекин тўлақонли иттифоқ минтақадаги барча давлатлар манфаатларига хизмат қилади.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг таъкидлашича, Марказий Осиё халқларини бири-бирисиз тасавур қилиб бўлмайди. Уларни ўзаро боғловчи умумийликлар жуда кўп.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ходими, сиёсатшунос Марат Ҳожимуҳаммедовнинг эътирофича, Марказий Осиё халқлари ўзаро ҳамкорлик қилишга ҳар доим эҳтиёж сезган ва минтақадаги ҳар бир давлат бу йўлда доимий изланишда. Бироқ бирдамликка эришишни қайси масаладан, иқтисодданми, сиёсатданми ёки ҳуқуқ соҳасиданми, бошлашда бир тўхтамга келиш керак.

“Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари хоҳласа-хоҳламаса, ҳозир минтақа халқларининг ўзаро маиший алоқалари давом этяпти. Шунинг учун асосий эътиборни мавжуд алоқаларни қонуний мустаҳкамлашга, азалий бирдамликни тиклаш йўлларини излашга қаратиш лозим”, - деди М.Ҳожимуҳаммедов.

Ўзбекистон Президенти 1995 йилда минтақа давлатлари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ва эркин муносабатларни йўлга қўйиш мақсадида “Туркистон – умумий уйимиз” ғоясини ўртага ташлаганди. Бироқ турли сабабларга кўра бу ғоя тезда долзарблигини йўқотганди.

К.Алиевнинг айтишича, Н.Назарбоевнинг таклифи ҳам бу ғоя сингари йўқликка юз тутмаслиги учун минтақа давлатлари раҳбарлари, зиёлилари, мутахассислари жиддий ҳаракат қилмоғи керак.

Сиёсатшуносларнинг фикрича, Ўзбекистон бу таклифни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши керак. Агар у қўшнилар билан ҳозиргидек салбий муносабатлардан воз кечмаса, иқтисодий қамал ҳолатига тушиши, минтақада беқарорлаштирувчи куч бўлиб қолиши мумкин.
XS
SM
MD
LG