Линклар

“Эрк” ҳукуматдан яхшилик кутаётгани йўқ


25 февраль куни “Эрк” демократик партияси Наманган вилояти бўлими кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда мамлакатда яқинда бўлиб ўтган парламент сайлови якунлари ва вилоятдаги ижтимоий-сиёсий вазият муҳокама қилинди.

Партиянинг Поп туманилик аъзоси фикрича, халқнинг ҳукумат юритаётган сиёсатдан норозилиги ортиб бормоқда. Агар бу ҳолат давом этаверса, мамлакатда ижтимоий портлаш содир бўлиши мумкин. Бундай вазият вужудга келганда халқни тўғри йўлга бошқарадиган етакчи сиёсий куч жуда зарурдир.

Партиянинг Чуст тумани бўлими котиби Абдураҳмат Қурбоновнинг сўзларига қараганда, ҳозир мамлакатда бошқарув тизимига собиқ коммунистларнинг яқинлари келиши кузатилмоқда. Улар ўз вақтида бойиб олиб, бошқарувнинг барча тизимларига кириб келди. Жумладан, депутат ва сенаторларга айланди. Лекин улар халққа қайишаётгани йўқ.

Йиғилиш иштирокчиларидан баъзи бирлари мухолифат анча заиф экани, халқни эргаштира оладиган кучга айланмаганини ҳақида сўзлади.

Аммо “Эрк” партияси марказий кенгаши аъзоси Аъзам Турғунов бу фикрларга қўшилмади. Унинг айтишича, ҳукумат “Эрк”дан чўчимаганда, унинг халққа таъсир этиш кучини ҳис қилмаганда, партияга қарши тўхтовсиз тазйиқ ва тақиблар ўтказмас, хавотирга тушмас эди.

Партия бош котиби Отаназар Ориповнинг таъкидлашича, “Эрк” ҳозирги ҳукуматдан халқ учун яхшилик кутаётгани йўқ. Чунки бунга асос йўқ.

“Эрк” раҳбариятининг маълум қилишича, партиянинг навбатдаги 6-қурултойига тайёргарлик жараёнида бундай йиғилишлар бошқа вилоятларда ҳам ўтказилади.
XS
SM
MD
LG