Линклар

logo-print

Термитлар тарихий обидаларга хавф солмоқда


Сўнгги йилларда термит қурти Хоразмда аҳоли турар-жойларига жиддий зарар етказяпти. Ўтган йил майда хивалик 4 ёшли эгизаклар Ойша ва Фотима термит кемиришидан шикастланган уй томининг қулаб тушиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган эди.

Маълум бўлишича, бу ҳодиса Хоразмда термит билан боғлиқ илк жиддий ҳодисадир.

Биология фанлари номзоди Икром Абдуллаевнинг сўзларига қараганда, термит вилоятнинг кўплаб туманларида кенг тарқалган. Питнакдаги Шарловуқ қишлоғидаги хонадонларнинг 70 фоизи термитдан зарар кўрган. Хива туманида эса бу заруркунанда энг кўп учрайди. У тарихий обидалар ва аҳоли хонадонларини шикастлаётир.

Олимнинг таъкидлашича, Хива шаҳридаги “Янги турмуш” ва “Ичонқаъла” маҳаллаларидаги хонадонларнинг асосий қисми термитдан шикаст кўрган. “Мевастон” маҳалласида эса термит дастлаб ўтган асрнинг 80-йилларида пайдо бўлганди. Ҳозир маҳалладаги 281 хонадон термитлар босқинидан зарарланган.

67 ёшли Султон Худойберганов ҳам шу маҳаллада яшайди. Унинг бир пайтлар 12 хонадан иборат бўлган уйидан фақат иккита хонаси қолган, холос.

И.Абдуллаевнинг билдиришича, дунёда термитларнинг 2800 тури мавжуд. Уларнинг 20 тури ўта жиддий зараркунанда ҳисобланади. Термитнинг Ўзбекистонда учрайдиган икки тури ҳам шулар жумласидандир. Улар илгари, асосан, Қизилқумда учраган. Аҳолининг уй-жой қуриш ва иситиш мақсадида чўл қуми ҳамда саксовуллардан фойдаланиши натижасида улар яшаш жойларига келиб қолган, деган тахминлар мавжуд.

Вилоят ҳокимининг 1996 йил 1 июлдаги фармойишига кўра, Хива шаҳридаги биноларнинг термит билан зарарланиш оқибатларини тугатиш бўйича махсус комиссия тузилган эди. 2001 йил 10 августда эса Вазирлар Маҳкамаси комиссияси “Мевастон” маҳалласини зудлик билан кўчириш ҳақида тавсия берганди.

Бироқ шу вақтгача бу муаммо ечилгани йўқ. Вилоят махсус комиссиясидан маълум қилинишича, аҳолини кўчириш масаласи маблағ йўқлиги сабабли ҳал этилмаётир.

“Мевастон” маҳалласи аҳли эса уйлари қулаб тушиб, босиб қолишидан хавотирга тушиб яшашга мажбур бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG