Линклар

logo-print

Қозоғистон чегарада тиканли сим тортмайди

  • Садриддин Ашур

25 февраль куни Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Тиловхон Кабдураҳмонов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида, асосан, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Марказий Осиё давлатлари иттифоқини (МОДИ) тузиш таклифи атрофида савол-жавоб бўлди.

Анжуманда иштирок этган журналистларга Қозоғистон Президентининг жорий йил 18 фервалда мамлакат парламентидаги маърузаси тақдим этилди.

Ундан маълум бўлишича, ўтган йили Қозоғистонда ялпи ички маҳсулот аҳоли жон бошига 2700 долларни ташкил этган. Жорий йилнинг 1 июнидан Қозоғистонда пенсиянинг энг кам миқдори 9200 танга, ўртача пенсия эса 12 минг тангага кўтарилади. Бу 70-90 долларга тенгдир.

Т.Кабдураҳмоновнинг сўзларига қараганда, куни-кеча Тошкентда Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилотига аъзо тўрт давлат делегациялари экспертлари учрашиб, умумий бозор яратиш масаласида музокаралар ўтказган. Қозоғистон делегацияси бу ишни чўзмасдан тезроқ амалга ошириш таклифини киритган.

Элчининг таъкидлашича, Н.Назарбоевнинг МОДИ тузиш таклифи ҳозир жуда долзарб. Зеро, бугунги глобаллашув жараёнида минтақага терроризм, экстремизм, наркотиклар траффиги хавф солиб турибди.

“Айни пайтда биз Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг умумий бозор яратиш тўғрисидаги ва Қозоғистон Президентининг иттифоқ тузиш таклифларини уйғун ҳолда кўрамиз. Бу ерда ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Минтақанинг геостратегик ва геосиёсий ўрни, албатта, ташқи кучларни ўзига тортиб туради. Бундай шароитда биз ўз манфаатларимизни ҳимоя қилиш учун биргаликда умумий позициямизни ишлаб чиқишимиз керак”, - деди элчи.

Т.Кабдураҳмоновнинг айтишича, у Ўзбекистон Қозоғистон билан бутун чегараси бўйлаб тиканли сим тортади, деб ўйламайди. Ўзбекистон контрабанданинг олдини олиш учун баъзи ҳудудларда тикани тўсиқ ўрнатаётгани табиий. Қозоғистон эса чегарада тиканли сим тортмайди.

Шу кунларда Ўзбекистон телевидениесида Тошкентдаги портлашларни содир этганлар Қозоғистон ҳудудида тайёргарлик кўргани ва уларнинг айримлари шу мамлакат фуқаролари экани ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этиляпти.

Т.Кабдураҳмонов бу каби муносабатларга тўхталар экан, Қозоғистонда терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича қонунлар мавжудлиги ҳамда улар амалда юқори савияда ижро этилаётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG