Линклар

АҚШ сенатори Жон Маккейн Американинг Афғонистонда доимий ҳарбий базаси бўлиши кераклигини таъкидлади


А.Арал Куни-кеча Кобулга ташриф буюрган АҚШ сенатори Жон Маккейн Американинг Афғонистонда доимий ҳарбий базаси бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу масала хусусида мамлакат парламенти қарор қабул қилиши лозимлигини айтган Кобул раҳбари¸ Афғонистон ҳарбий¸ иқтисодий ва сиëсий соҳаларда АҚШнинг узоқ муддатли ҳамкори бўлиб қолишни исташини билдирди.

Афғонистонда АҚШ ўзининг доимий ҳарбий базасини ташкил этиши зарур¸ деган ғоя муаллифи республикачилар партияси етакчиси сенатор Жон Маккейн доимий база қандай шаклда бўлиши ҳақида фикр билдирмади. Бунинг ўрнига¸ Узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик ҳақида тўхталган Маккейн:

"Биз бу билан иқтисодий¸ техникавий ëрдам¸ ҳарбий ҳамкорлик¸ жумладан¸ менинг шахсий фикримча¸ доимий қўшма ҳарбий базаларни назарда тутамиз"¸ - дейиш билан чекланди.

Афғонистон ҳукумати узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик қилишга тарафдорлик билдирди. Айни пайтда¸ мамлакат ҳудудида АҚШнинг доимий ҳарбий базасини ташкил этиш тўғрисида парламент қарор бериши кераклигини маълум қилди. Афғонистон парламенти эса жорий йил охирларида ўйказиладиган сайловлардан кейин ташкил этилади.

Лондондаги мустақил ҳарбий мутахассис Лан Кемп Сенатор Маккейн баëноти хусусида фикр билдирар экан¸ балки¸ Маккейн Баграм базасига ўхшаш ҳарбий марказлар ташкил этишни назарда тутаëтганини айтади.

"Охирги йилларда Американинг стратегик йўналиши анча ўзгарди. Совуқ уруш даврида у йирик ҳарбий базаларга эга эди. Энди эса Пентагон кичикроқ базалар тармоғини яратишга ҳаракат қилмоқда. АҚШ бу базаларни машқлар ўтказиш учун ишлатади. Агар эҳтиëж пайдо бўлиб қоладиган бўлса¸ бу базалар катта миқдордаги қўшинларни жойлаштириш учун ҳам ишлатилиши мумкин. Менимча¸ сенатор Маккейннинг Афғонистонда доимий база ташкил этиш ҳақидаги фикрларини ана шу маънода тушуниш мумкин"¸ - деб фикр билдирди мутахассис Кемп.

Лондондаги бошқа бир мустақил ҳарбий мутахассис Пол Бивер фикрича¸ Маккейннинг Афғонистондаги АҚШ доимий ҳарбий базаси ҳақидаги мулоҳазаси минтақавий хавфсизлик тармоғининг бир қисми бўлиши мумкин.
"Афғонистон Эронга қўшни. Агар эронлик бўлганингизда эди¸ Америка Эронга бостириб кирмоқчи¸ деган фикр хаëлингизга келган бўларди. Американинг Ироқда ҳам¸ Афғонистонда ҳам базаси бор. Покистон билан ҳам яқин алоқалар ўрнатган. Форс кўрфазида ҳарбий кемалари жойлаштирилган. Улар Эронни қуршаб олмоқчи. Менимча¸ Америка бундай қилишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрса¸ фойдадан холи бўлмас эди"¸ - дейди мутахассси Бивер.

Бошқа томондан АҚШнинг нафақат Афғонистон¸ балки¸ Марказий Осиëнинг Қирғизистон ва Ўзбекистон каби республикаларида ҳам ҳарбий базалари мавжуд. АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийларининг айтишича¸ Америка аскарлари Қирғизистоннинг Манас ва Ўзбекистоннинг Хонобод базаларида номаълум муддатгача қолади. Ҳозирча Вашингтоннинг бу мамлакатлардан доимий ҳарбий база ташкил этишни сўрагани ҳақида хабар йўқ.
XS
SM
MD
LG