Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:10

Навбатдаги кўзбўямачиликми?


Сўнгги вақтларда Ўзбекистон матбуотида мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари устидан бўлиб ўтаётган суд жараёнлари ҳақида мақолалар чиқа бошлагани кузатилмоқда.

Хусусан, яқинда “Халқ сўзи” газетада Ўзбекистон Ҳарбий судида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳининг устидан суд жараёни ниҳоясига етгани ҳақида “Туҳмат тоши” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Мақолада ёзилишича, божхона ходимлари Абдуманнон Маҳмудов, Абдували Турсунов, ички ишлар ходимлари Анвар Қаршибоев, Абдусаид Шодмонов, Сайфулла Шодмонов ва Миллий хавфсизлик хизмати ходими Нарзулла Намозов суд ҳукми билан 5 йилдан 15 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган. Улар фуқароларнинг машиналарига, буюмлари орасига фуқаро Баҳодир Ихтиёров орқали наркотик моддага ўхшаш кукун ташлаттириб, бегуноҳ одамларни жиноий жавобгарликка тортган. Бу кишилар эса турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Шу ўринда ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари содир этган жиноятлар илгари иложи боришича халқдан яширилгани, энди эса ошкора айтилаётгани сабаби нимада, ҳукумат бундай ташкилотлар ва аҳоли ўртасида юзага келган кескинликни юмшатишга уринмоқдами каби саволлар пайдо бўлиши табиий.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаевнинг фикрича, аслида аҳоли билан ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида эмас, ҳукумат ўртасида узоқлашув мавжуд. Ички сиёсат ҳукуматнинг энг юқори амалдорлари томонидан амалга оширилади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари эса мазкур сиёсатнинг ижрочилари, холос. Шунинг учун бу идоралар вакиллари устидан судлар оммавий тус оляпти, дейишга асос йўқ. Бундай ҳаракатлар кўргазма учун қилинмоқда. Шунингдек, бунга халқаро жамоатчилик танқидларининг таъсири ҳам бўлиши мумкин.

Б.Мусаевнинг сўзларига қараганда, ҳозир аҳолининг ҳукуматдан норозилиги жуда кучли. Ҳукумат бу норозиликни сусайтириш мақсадида ўзини қонунсизликка қарши курашгандек қилиб кўрсатмоқда.

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг таъкидлашича, илгари бу каби судлар доимо матбуотга олиб чиқилавермас эди. Президент Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида коррупция масаласига ҳам тўхталганди. Матбуотда коррупция тўғрисида мақолалар пайдо бўла бошлагани мана шу гапларга жавоб тарзида берилаётган, гўёки Президент танқиди таъсирини кўрсатишга уринишдан бошқа нарса эмас. Аслида бу ҳақиқий ҳаётнинг инъикоси эмас.

Ш.Убайдуллаевнинг айтишича, ҳаётда қонун устиворлиги бўлганда эди, мақолаларда тилга олинаётган жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмаган, бегуноҳ кишилар қамоқларга ташланмаган бўларди. Чунки бу гуруҳлар тузган тузоққа тушганларнинг иши судда кўрилган, лекин суд уларни оқламаган.
XS
SM
MD
LG