Линклар

Собиқ сиёсий маҳбус Мели Қобилов Тео ван Бовендан ёрдам сўради


Тўлқин Яқинда электрон оммавий ахборот воситаларида жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, собиқ сиёсий маҳбус Мели Қобиловнинг БМТнинг қийноқлар масалалари бўйича махсус маърузачиси Тео Ван Бовенга йўллаган мурожаатномаси эълон қилинди.

М.Қобилов совет тузуми даврида узоқ йиллар Давлат хавфсизлик қўмитасида (КГБ) хизмат қилган. Мустақилликнинг илк йилларида мамлакат парламенти депутати бўлиш билан бирга Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти ва “Ватан тараққиёти” партиясининг Жиззах вилоятидаги бўлимларини бошқарган. 1994-2002 йилларда қамоқда ўтирган.

2002 йил 8 октябрда озодликка чиққан М.Қобилов Ўзбекистондаги қийноқ масалаларини ўрганишга келган Тео ван Бовен билан 2002 йил 27 ноябрда Тошкентда учрашганди.

М.Қобиловнинг Т.ван Бовен номига йўллаган мурожаатномасида қуйидаги сўзлар бор:

“Жаноб Тео ван Бовен! Учрашувимиз чоғида мен сиздан 3 масалани ҳал этишда кўмак сўраган эдим. Биринчиси, менинг бутунлай оқланишимда ёрдам бериш. Иккинчиси, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати даволаш бошқармаси норматив актлар ва мавжуд йўриқномаларни қўпол равишда бузиб, менинг МХХ шифохонаси хизматидан фойдаланишимга турли йўллар билан тўсқинлик қилиб келмоқда. МХХ раҳбарияти эса 2004 йилдан буён ҳаққоний қарор чиқаришдан бўйин товлаётир. Учинчиси, ҳибсга олиш пайтида менга ва оиламга тегишли ноқонуний мусодара қилинган шахсий қимматбаҳо мулк, радио ва теле жиҳозлар, енгил автомобилнинг қайтарилишига кўмаклашишни сўраган эдим. Сизнинг шахсан аралашувингизга қарамай, бу масалалар ҳаққоний ечимини топмади”.

М.Қобилов мазкур мурожаатнома БМТнинг 2005 йил 2 мартда бўлиб ўтиши режалаштирилган сессияси муҳокамасига киритилишини сўрайди.

М.Қобиловнинг таъкидлашича, у 26 йил давомида КГБда ишлаган ва майор унвонида пенсияга чиққан. Шунинг учун у хизмат давомида орттирилган касалликлардан МХХга қарашли шифохонада даволанишга ҳақли.

Ўзбекистон МХХ матбуот котиби Олим Тўрақуловнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, илгари М.Қобиловга МХХ тиббий идоралари хизматидан фойдаланишга рухсат этилган эди. Бироқ ҳарбий тиббий муассасаларда ўрнатилган ахлоқий қоидаларни бузгани учун 2004 йил сентябрда у МХХ тиббий муассасалари хизматидан фойдаланишга рухсат берилган пенсионерлар рўйхатидан чиқарилган. МХХ тиббий муассасаларида даволаниш хизматидан фойдаланиш қонунчилик асосида мажбурий этиб белгиланмаган. Бу қўшимча рағбатлантириш мақсадида раҳбарият томонидан белгиланган хизмат туридир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Толиб Ёқубовнинг таъкидлашича, М.Қобиловни сиёсий маҳбус деб ҳисоблашга асос бор. Зеро, у “Ватан тараққиёти” партиясининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари этиб сайлангандан кейин партиянинг вилоятдаги аъзолари сони бир йил ичида 250 нафардан 5000 тага етган. Шундан сўнг ҳукуматнинг асосий партияси бўлмиш Халқ демократик партияси “Ватан тараққиёти”нинг ўзига мухолифатда бўлишидан хавфсирай бошлаган. 1994 йил 29 октябрда “Ватан тараққиёти” ўзининг қурултойини ўтказиши лозим бўлган бир пайтда М.Қобилов ўша йили 27 октябрда ҳибсга олинган.

Т.Ёқубовнинг маълум қилишича, М.Қобилов ўтган йили Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзолигидан чиқарилган. Ҳозир у “Freedom house” ташкилоти Тошкентдаги ваколатхонасининг жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларни мониторинг этиш тезкор гуруҳи аъзоси сифатида фаолият кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG