Линклар

logo-print

Туман газеталари тиражи пасайиб кетмоқда


Лобар Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги туман ва шаҳар газеталарининг тиражи йилдан йилга камайиб бормоқда. Бу йил Сирдарё вилоятининг айрим туманларида, хусусан, Сайхунобод, Сардоба ва Ховосда чоп этиладиган газеталар тиражи ўтган йилгидан 40 фоиз камайди.

“Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти Сирдарё филиали директори ўринбосари Зайнаб Абдужалилованинг сўзларига қараганда, Сайхунобод тумани газетаси 2004 йилда 1037 нусхада чиққан бўлса, бу йилги обунаси 639 тага тушиб қолган. Ховос тумани газетаси эса ўтган йили 804 нусхада босилган бўлса, жорий йилда 467 донага обуна қилинган. Йил охирига бориб, газеталар тиражи яна 50 фоизгача камайиши мумкин.

Журналист Муҳаммад Али йил охирига бориб, газеталар тиражи пасайиб кетиши сабаблари ҳақида тўхталар экан, корхона ва ташкилотлар юқорининг буйруғини бажарган қилиб кўриниш мақсадида хўжакўрсинга 3 ой, 6 ойга обуна бўлишини билдирди. Унинг айтишича, газеталар обуна бўйича тарқатилади ёки матбуот дўконлари орқали чакана савдога чиқарилади. Дўконларга чиққан бундай газеталар эса сотилмай қолиши аниқ.

Яна бир журналист эса ижтимоий-сиёсий газеталар тиражи камайиб кетаётганига кўнгилочар газеталар кўпайиб бораётгани таъсир этаётганини айтди.

Мирзаобод тумани газетаси муҳаррири Анорбой Норқуловнинг таъкидлашича, туман газеталари бозор иқтисодиёти талабларига дош бера олмаётир. Аҳоли улардан ўзи ўқишни хоҳлаган мавзуларни топа олмаётгани учун обуна бўлмаяпти. Натижада бор-йўғи 150-300 нусхада чиқаётган айрим туман газеталари харажатларини қопламайди.
XS
SM
MD
LG