Линклар

ГУУАМ жонланадими?

  • Садриддин Ашур

Украина Президенти Виктор Юшенко Грузия Бош вазири Зураб Ногаидели билан музокаралар чоғида ГУУАМ ташкилотини тиклаш таклифини илгари сурди.

Грузия, Украина, Ўзбекистон, Озарбойжон ва Молдовани бирлаштирган ушбу ташкилот анча вақтдан буён деярли фаолиятсиз эди. Ўзбекистон 1997 йилда ташкил этилган бу тузилмага 1998 йилда аъзо бўлиб кирганди. ГУУАМга аъзо давлатларнинг бир-бирига мос келмайдиган сиёсати ташкилот тузилишининг бош мақсади – Европа-Кавказ-Осиё траспорт йўлагини яратиш орзусининг шу пайтгача амалга ошмай келишига сабаб бўляпти.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўтган йилги матбуот анжуманларидан бирида мамлакат ГУУАМга аъзоликни тўхтатгани, шунга қарамай, бошқа аъзо давлатлар юритадиган сиёсатга қараб унга иштирок ҳақида ўйлаб кўрилишини таъкидлаганди.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг сўзларига қараганда, Украина ва Грузиядаги “гуллар инқилоби” сабабли Ўзбекистон ГУУАМга аъзоликни тўхтатган бўлиши мумкин. Бироқ Украинанинг ҳозирги ҳукумати Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилишга уриняпти. Чунки икки мамлакат ўртасида жуда кўп иқтисодий, ижтимоий ва ҳарбий алоқалар мавжуд. Бу эса Ўзбекистон учун ҳам жуда катта стратегик омилдир.

М.Адураззоққовнинг таъкидлашича, ГУУАМ ҳозиргача на ижобий, на салбий жиҳатларини кўрсата олгани йўқ. Бунга Украинанинг Леонид Кучма бошчилигидаги аввалги раҳбарияти тутган йўл сабаб бўлди. Украина Россияга ҳам, Ғарбга нисбатан ҳам сиёсатини очиқ-ойдин баён қилмади. Шунинг учун ташкилот фақат қоғозда иш юритди.

Сиёсатшунос Ўзбекистон Президентининг Украинага бўладиган ташрифи ГУУАМ масаласига бирмунча ойдинликлар киритиши мумкинлигини тахмин қилди.

Ўзбекистон ГУУАМнинг бошқа аъзолари билан тўғридан-тўғри чегарага эмас. Шундай экан, ташкилот тузилишидан кўзланган мақсад – транспорт йўлагини яратиш масаласи қанчалик ҳаётий?

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг фикрича, Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг Бухородаги учрашуви икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга анча илиқлик олиб кирди. Шунга қарамай, Туркманистоннинг сиёсати ГУУАМ ўз олдига қўйган вазифаларнинг бажарилишига тўсқинлик қилиб турибди.

Сиёсатшуносларнинг эътирофича, собиқ иттифоқ ҳудудида пайдо бўлган давлатлар ҳар бир интеграциявий жараёнга ўз манфаатидан келиб чиқиб иштирок этмоқда. Албатта, улар бу ўринда АҚШ, Россия, Хитой сингари қудратли давлатларнинг таъсирида иш тутади. Ташкилот аъзолари тарозининг палласини тенг тутишга ҳаракат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG