Линклар

logo-print

Самарқанднинг собиқ ҳокими суд қилинмоқда

  • Барно Анвар

22 февраль куни Ўзбекистоннинг таниқли давлат арбобларидан бири, кўп йиллар давомида Самарқанд шаҳри ҳокими лавозимида ишлаган Азиз Носиров устидан суд жараёни бошланди.

Айрим маълумотларга кўра, А.Носиров иши Самарқанд шаҳри жиноят ишлари судида кўрилмоқда. У Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий обидаларни ноқонуний равишда хусусийлаштириш, буздиришда айбланмоқда.

Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Шерзод Ҳайитмуродов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда А.Носиров устидан суд жараёни давом этаётганини тасдиқлади. Унинг айтишича, судланувчи Жиноий кодексининг 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 208-моддалари (ҳокимият ҳаракатсизлиги) бўйича айланмоқда.

А.Носиров сўнгги 20 йил давомида ҳокимиятнинг юқори бўғинларида ишлаган бўлиб, мамлакатда таниқли шахслардан биридир. У собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистондаги комсомол ташкилотини бошқарган, бир қанча вақт Президент девонида, 1994-2000 йиллар оралиғида Самарқанд шаҳри ҳокими, 2004 йил сентябргача Ўзбекистон Олимпия қўмитаси раҳбари лавозимларида ишлаган.

Ҳокимият бошқарувида катта лавозимларни эгаллаб келган А.Носиров устидан суд жараёни бошлангани тўғрисида Ўзбекистон ОАВда бирорта хабар берилаётгани йўқ.

Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Самарқанддаги вакили Комилжон Ашуровнинг билдиришича, А.Носиров судга тортилгани ҳақидаги хабар шу вақтгача фақат тор доирадагина маълум. Унга қўйилаётган айблар билан хоҳлаган раҳбарни жиноий жавобгарликка тортиш мумкин. Чунки А.Носиров қилган ишларни бошқа раҳбарлар ҳозир ҳам қилиб келмоқда. Бундай шахслар юқоридан фатво бўлмаса, жазоланмайди.

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг таъкидлашича, А.Носиров мамлакат аҳли ўртасида ҳурматли раҳбар сифатида танилган. Қўйилган айблар А.Носировнинг судланишига асл сабаб эмас. Чунки чор Россияси даврида қурилган тарихий иморатлари бузиш ҳаракатлари ҳозир ҳам катта суръатлар билан давом этмоқда. Агар бу шахс даражаси жиҳатдан Исмоил Жўрабековдан кейинги судланаётган иккинчи таниқли раҳбар экани ҳисобга олинса, ҳокимиятнинг юқори бўғинларида катта ўйин бошланганини тахмин қилиш мумкин.
XS
SM
MD
LG