Линклар

Ичтерламадан эҳтиёт бўлинг!


Тўлқин Февраль ойи бошларидан Тошкент шаҳрида ичтерлама (қорин тифи) касаллиги тарқалгани кузатилмоқда. Шу муносабат билан шаҳарда санитария-эпидемиология назорати кучайтирилди.

Маълум бўлишича, ичтерлама билан оғриган илк бемор пойтахтда февраль ойи бошида рўйхатга олинган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Давлат санитария-эпидемиология назорати департаменти бошлиғи ўринбосари Боқижон Маткаримовнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, шу кунгача ичтерлама ташхиси қўйилган ёки шу касаллик билан оғриганликда гумон қилиниб, 8 бемор шифохонага ётқизилган. Касаллик оммавий тус олгани йўқ.

Б.Маткаримовнинг айтишича, кунлар исиши билан эриган қор ёки ёмғир сувлари тўпланиб қолган чиқиндиларни ювиб, очиқ сув ҳавзаларига тушади. Бу эса ҳавзаларнинг касаллик қўзғовчи микроблар билан ифлосланиш даражасини оширади. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида касаллик тарқалиш хавфини кучайтиради. Шунинг учун мамлакатдаги тиббиёт ходимлари ҳозирданоқ ўткир юқумли ошқозон-ичак касалликлари тарқалиши олдини олиш, беморларни эрта аниқлаш ва соғлом кишилардан ажратиш мақсадида назоратни кучайтирган. Шифокорлар уйма-уй юриб, назорат ва тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бу тадбирлар самараси ўлароқ, мамлакатда юқумли касалликлар бўйича эпидемик барқарорлик сақланиб турибди.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган шифокорлар ҳам хонадонларда юриб, назоратни кучайтиришаётгани, дам олиш кунларисиз ишлашаётгани тасдиқлади.

Мутахассисларнинг фикрича, Тошкент шаҳрида ичтерлама пайдо бўлганининг асосий сабаби ичимлик сув яхши тозаланмагани, канализацияларнинг ифлосланишидир.

Шифокорларнинг таъкидлашича, ичтерлама ўта ўткир юқумли касаллик ҳисобланади. Касалликнинг илк даври яширин кечади. 7-20 кундан кейин беморда кучли иситма, қорин қисмида кучли оғриқ ва бош оғриғи пайдо бўлади. Ичтерлама сув ва озиқ-овқатдан, шунингдек, бемор билан мулоқот натижасида юқиши мумкин.
XS
SM
MD
LG