Линклар

“Файз” - мебель бозорида монополист эмас


Озодбек Ўзбекистонда кўргазмалар ташкил этишга ихтисослашган ITE Uzbekistan компанияси 2005 йилнинг баҳор ва ёз фаслларида мамлакатда турли соҳаларга оид 16 та кўргазма ўтказишни режалаштирган.

1 март куни Тошкентда бу кўргазмаларнинг дастлабки иккитаси – 6-Ўзбекистон халқаро қурилиш кўргазмаси ва 2-Ўзбекистон халқаро мебель кўргазмаси очилди.

ITE Uzbekistan компанияси томонидан ўтказилаётган кўргазмалар мавсуми бошланиши муносабати билан “Интерконтиненталь” меҳмонхонасида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

ITE Uzbekistan компаниясининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича менежери Малика Тойжонованинг сўзларига қараганда, компания жорий йилда автомобиль, телекоммуникация, тиббиёт каби соҳаларда 16 та кўргазма ташкил этишни режалаштирган. Бу кўргазмаларда қатнашадиган йирик хорижий компаниялар сони ортиб боряпти. Мазкур кўргазмалардан мақсад Ўзбекистон компанияларини жаҳонга танитиш, халқаро компанияларни мамлакат бозорига олиб киришдан иборат.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон мебель саноатида етакчи бўлган “Файз” холдинг компанияси бошқаруви раиси Мукаррам Азимова соҳадаги мавжуд муаммолар, эришилган ютуқлар ҳақида сўзлаб берди. У “Файз” компаниясини Ўзбекистон бозорида монополист деб ҳисобламаслигини билдирди.

М.Азимованинг таъкидлашича, миллий валюта қадрсизланиб бораётган ҳозирги пайтда компания ҳар бир маҳсулот тури ва унинг нархини белгилашда Молия вазирлигининг тасдиғини олишга мажбур. Шунинг учун ҳозирги шароитда монополист бўлишдан манфаат йўқ. Қолаверса, мамлакатда бу борада кучли назорат мавжуд.

М.Азимованинг айтишича, компания хориждан хомашё сотиб олишни камайтириб, зарурий маҳсулотларни ўзи ишлаб чиқаришга ҳаракат қилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, мамлакатда халқаро кўргазмалар қанчалик кўп ўтказилса, иқтисодиёт ривожи учун шунчалик фойдалидир. Кўргазмалар чоғида маҳаллий ва хорижий компаниялар ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзолаш, сармоя жалб этиш имкониятига эга бўлади.
XS
SM
MD
LG