Линклар

logo-print

Нодира Каримовага қонун чикорами?


Шайбон

26 январь куни Тошкентдаги “Шератон” меҳмонхонасида одам савдоси қурбонларини ўз ватанига қайтариш муаммоларига бағишланган йиғилиш ўтказилган эди.

“Озодлик” радиоси стингери ҳам АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси юборган таклифнома бўйича ушбу тадбирдан лавҳа тайёрлашга борганди.

Танаффус пайтида журналист қўшимча маълумот олиш учун Халқаро миграция ташкилотининг “Ўзбекистонда одам савдосига қарши кураш” лойиҳаси мувофиқлаштирувчиси Нодира Каримовага мурожаат қилди.

Аммо “Озодлик” стрингерини кўриб, дарғазаб бўлган Н.Каримова у бу ерга чақирилмагани, шунинг учун тадбирда қатнашишга ҳаққи йўқлигини айтиб, ўз ёрдамчиси Умида Каримовага унга қарши чора кўриш ҳақида кўрсатма берди.

У.Каримова журналистни қўлидан тутиб, залдан чиқариб юборди, боз устига, “Озодлик” радиоси шаънига асоссиз айбловлар ёғдирди. Бу ҳам камлик қилгандек, унинг қўлидаги диктофонни тортиб олиб, ичидаги дискетни олиб қўйди.

Ўзбекистон “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасига кўра, журналистнинг журналистик фаолиятига аралашиш, ундан ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида олган бирор-бир маълумотни талаб этиш тақиқланади.

Ушбу қонуннинг 14 моддасида журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйиш учун жавобгарлик ҳам белгиланган.

Аммо бу қонун халқаро ташкилот вакиллари бўлмиш икки аёл учун аҳамиятсиз кўринади.

“Озодлик” радиоси Тошкент бюроси раҳбарининг сўзларига қараганда, ушбу воқеадан салкам бир ой ўтгач, Н.Каримованинг ҳайдовчиси олиб қўйилган дискетни қайтариб келган, ҳатто буни тасдиқлаб бериш учун имзо ҳам талаб қилган.

Аммо, не таажжубки, дискетда ёзилган барча маълумотлар ўчириб ташланганди.

Халқаро ташкилот вакилининг халқаро радиога тегишли ускуналарни олиб қўйиш, ёзувларни ўзбошимчалик билан ўчириб ташлашга қанчалик ҳаққи борлигини аниқлаш мақсадида Н.Каримова билан боғланишга бўлган уринишлар зое кетди. У ўз иш ўрнида йўқ экан.

Халқаро миграция ташкилоти инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланади. Ташкилот кишилар кўмакка муҳтож пайтда ёрдам қўлини чўзади. Аммо шундай олижаноб миссияни бажарадиган ташкилотнинг Тошкентдаги вакиллари журналистнинг ҳуқуқларини бемалол, ҳеч бир истиҳоласиз бузаётганини қандай тушуниш мумкин?
XS
SM
MD
LG