Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:22

Ливанда ҳукумат инқирози


Байрут марказининг Шаҳидлар майдонидаги оммавий норозилик чиқишлари душанба кечқурун Умар Карамий бошлиқ ҳукумат истеъфоси билан якун топди. "Мен бошқаришни ўзим учун шараф, деб билган ҳукумат истеъфосини эълон қиламан. Оллоҳ Ливанни ўз паноҳида асрасин" - деди Карамий ҳокимият билан хайрлашаркан. Шахидлар майдонига йиғилган оломон эса Бош вазирнинг бу қарорини шодон қарши олди.

Байрутдаги намойишчилар Рафиқ Ҳаририй ўлимида ҳукуматнинг қўли бор, деган иддаода, Бош вазир Карамий ва у бошлиқ ҳукумат истеъфосини ҳамда Сурия қўшинларининг мамлакатдан чиқиб кетишини талаб этаётган эди. Аммо, ҳукумат истеъфо берган бўлса ҳам, аксар намойишчилар Сурия қўшинларининг Ливандан чиқарилиши эълон қилинмагунча майдонни тарк этмасликларини айтишмоқда.

Намойишчилар жаноб Ҳаририй ўлимида Суриянинг ҳам қўли бор деган гумонда. Улар Ливан рамзи ҳисобланмиш игнабаргли Кедр дарахти расми туширилган оқ - қизил рангли байроқлар ҳамда "Йўқолсин Сурия", "Яшасин Озодлик" сўзлари битилган шиорларни кўтариб олишган.

Ливандаги давомли норозилик намоийшларидан сўнг Бош вазир Умар Карамий раҳбарлигидаги ҳукуматнинг кутилмаганда истеъфо бериши мамлакатда сиёсий бўшлиқ яратиши эҳтимолдан холи эмас. Ливан собиқ Бош вазири Салим Хосс фикрича, бу мамлакат учун хавфли:

"Ҳа, бу хавфли. Қачонки мухолифат янги бош вазирни тайинлаш борасида мамлакат раҳбарияти билан маслаҳатлашувга тайёрлигини намоён этса, бу бўшлиқ барҳам топиши мумкин. Аммо, бу жараён амалга ошади, дейишдан йироқман. Сабаби мухолифат ҳануз президент билан мулоқотга тайёрлигини намоён этмаган", - дейди Салим Хосс.

Валид Жумблатт бошлиқ Ливан мухолифати ва президент ўртасида кўпдан бери адоват мавжуд. Шу боис президент ўзича, мухолифат эса ўзича мамлакатда юзага келган холатни мухокама этишга уринмоқда. Бу борада мухолифат чоршанба куни маслаҳатлашув ўтказишни режалаган. Президент эса апрел ойида бўладиган сайловларга қадар кимнидир вақтинчалик бош вазир этиб танлаш борасида Парламент раиси Набих Берри билан маслаҳатлашувлар олиб бормоқда.

Ҳозирча ким бош вазирлик курсисига келтирилиши номаълум. Мухолифатдан эса ушбу лавозимга Ливанда суиқасд қурбони бўлган Ҳаририйнинг синглиси Боҳиё Харирий номзоди муносиб кўрилмоқда. Боҳиё Ҳаририй аввал мамлакат Адлия вазири бўлиб ишлаган. Ҳозир эса у Молия вазири лавозимини эгаллаб турибди. Аввалроқ ўз чиқишида Боҳиё Ҳаририй акаси ўлими юзасидан суриштирув олиб борилиши кераклиги борасида ҳукуматга кескин талаблар билан чиққан эди.

Истеъфо берган Бош вазир Карамийга келсак, мамлакат конституцияси бўйича президент бош вазирлик лавозимига янги шахсни тайинлагунча, у лавозимидан кетмай туриши керак. Аммо, кузатувчилар фикрича, ҳозирги вазиятда истеъфо берган ҳукумат вазифасини адо этадиган даражада эмас.
XS
SM
MD
LG