Линклар

Расмий ташриф нега қолдирилди?

  • Барно Анвар

1 март куни Буюк Британия ҳукумати мамлакат ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг ўринбосари Билл Раммелнинг Ўзбекистонга 2-3 март кунларига белгиланган расмий ташрифи қолдирилганини маълум қилди.

Шу муносабат билан тарқатилган баёнотда ташриф Ўзбекистон томони эътирози туфайли қолдирилгани айтилади.

Б.Раммелнинг Ўзбекистонга ташрифи давомида маҳаллий ва нодавлат инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар, мамлакатдаги бу борадаги вазиятни муҳокама этиш кўзда тутилган эди.

Хорижий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Б.Раммелнинг ўзи ташриф қолдирилиши сабабини ундан кўзланган мақсадлар Ўзбекистон ҳукуматига ёқмаганида, дея изоҳламоқда.

Бироқ “Озодлик” мухбири бу масалада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг изоҳини олишга муяссар бўлмади.

Вазирликнинг электрон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган расмий баёнотида Ўзбекистон томони Б.Раммелнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоҳазаларини мамлакатнинг ички сиёсатига тўғридан-тўғри аралашув, деб ҳисоблаши билдирилган.

Унда таъкидланишича, сўнгги вақтларда британиялик сиёсатчилар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти масалаларига бот-бот тегиниб ўтмоқда. Ўзбекистон ўзаро тенг ҳуқуқли ва манфаатли ҳамкорликка ҳамиша тайёр, бироқ алоҳида шахсларнинг мамлакатга босим ўтказишини тан олмайди, улар буни фақат ўз манфаатлари йўлида, жумладан, сайловолди ташвиқотлари мақсадида қилмоқда.

Ушбу баёнотда Б.Раммелнинг ташрифи қолдирилиши учун барча жавобгарлик Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида вакиллари зиммасида экани айтилади.

Баъзи манбаларда яқинда Дэвид Жон Морн Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинлангани ва у Б.Раммел билан бирга Ўзбекистонга келиши кутилаётгани маълум қилинган эди.

Қизиғи шундаки, Б.Раммелнинг Тошкентга ташрифи белгилангани ҳақида Ўзбекистондаги давлат инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази ва Омбудсмен институтининг хабари йўқ экан.

Бироқ нодавлат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари бу ҳақда хабардорлигини билдирди. Хусусан, Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Буюк Британия элчихонаси томонидан Б.Раммелнинг ташрифи ҳамда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашувлар тайёрланилаётгани ҳақида огоҳлантирилганини маълум қилди.

Эслатиб ўтиш жоиз, икки давлат ўртасида инсон ҳуқуқлари масаласидаги муносабатлар сўнгги пайтларда анча кескинлашган. Хусусан, ўтган йили Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Крейг Мюррей Лондонга чақириб олинган эди. К.Мюррей Ўзбекистонда матбуот эркинлиги бўғилаётгани, қамоқхоналарда қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида бир неча марта ошкора танқидий фикрлар билдирганди.
XS
SM
MD
LG