Линклар

Зоҳир Аълам Ўзбекистонда мустақил матбуот борлигини билмайди, кўрмаган, эшитмаган ҳам

  • Садриддин Ашур

АҚШ Давлат департаментининг дунёда инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятга бағишланган йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги йўқлиги қаттиқ танқид қилинган.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон Конституцияси сўз ва матбуот эркинлигини кафолатлайди. Лекин ўтган йили ҳукумат бу ҳуқуқларни чеклашда давом этди, муҳаррир ва ноширларни эълон қилинаётган мақолалар учун жавобгар қилиб қўйди. Ҳукумат ўзининг 3 та кундалик нашридан бошқа нашрларни ҳам назорат қилади. Мустақил деб аталадиган газеталар муҳаррирлари ҳукумат нуқтаи назаридан туриб фаолият юргизади.

Мустақил журналист Элмира Ҳасанова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон Президентининг сўнгги йилларда ўзбек матбуотини кўп танқид қилаётгани ўз самарасини бермаётганини эътироф этди.

“Мен ҳар сафар Президентнинг маърузаларини ўқиб ҳайратга тушаман. Назаримда ҳақиқатан ҳам Президент ё асл вазиятни билмайди, ёки у айтаётган барча чиройли ва баландпарвоз сўзлар хорижлик кузатувчилар учун мўлжалланган. Журналистларни, муҳаррирларни ички цензурада, танқидий мақолалар ёзмасликда айблаш, албатта, нотўғри. Улар ёзмоқчи бўлади, лекин ёзилган материаллар ҳеч қачон дунё юзини кўрмайди. Чунки бунга йўл берилмайди”, - деди Э.Ҳасанова.

Унинг айтишича, давлат телевидениесида ишлаб юрган пайтларида Президент маърузаларига ишониб, эркин ижодга йўл берилишини сўраганида раҳбарият давлат бошлиғининг айтганлари маҳаллий журналистларга тааллуқли эмаслигини очиқ баён қилган.

“Зеркало 21” нодавлат газетаси мухбири Феруза Ҳошимхонова давлат тасарруфида бўлмаган нашрлар ҳам цензурадан холи эмаслигини тасдиқлади.

“Ўзбекистонда мустақил матбуот борлигини билмайман, кўрмаганман, эшитмаганман ҳам”, - дейди ёзувчи Зоҳир Аълам. Унинг айтишича, мамлакатда ҳатто Интернет ҳам назорат қилинади.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида айтилишича, аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, ўтган йили Ўзбекистонда журналистлар қамоққа олинмади. Аммо ҳукумат танқидий мақолаларни чеклаш мақсадида бир қанча муҳаррир ва журналистларни таъқиб қилди. Йил давомида бир неча журналистлар ўзларига телефон орқали таҳдид қилинаётгани ҳақида хабар берган. Жумладан, Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Ўзбекистондаги мухбири Тўлқин Қораевга ҳам Миллий хавфсизлик хизмати ходими томонидан таҳдид бўлган.

Т.Қораевнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда билдиришича, у истиқомат қиладиган Қашқадарё вилоятида ҳуқуқ-тартибот ходимлари журналистларга тўғридан-тўғри тазйиқ ўтказади. Масалан, парламент сайлови арафасида Қаршига келган ЕХҲТ кузатувчилари билан учрашгани учун у милиция ходимлари тазйиқига учраган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати ахборот узатиш тизимини қаттиқ назоратда ушлаб туради. Ўтган йили Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги расман рухсат берилган янгилик ва ахборотларни тайёрлаш ва тарқатишда Президент девони билан жуда яқин ҳамкорлик қилган. Ҳукуматнинг Ахборот ва матбуот агентлиги мамлакатдаги барча ОАВни мониторинг қилишга масъул ташкилот ҳисобланади.

Ўтган йили ташкил этилган Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, кузатувчилар фикрича, ҳукуматнинг яна бир назорат механизми сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Бироқ уюшма раиси Шерзод Ғуломов бу фикрларни рад этди. Унинг таъкидлашича, уюшма ОАВга кўрсатма бериш, назорат қилиш ишларига аралашмайди. У нодавлат жамоатчилик ташкилоти бўлиб, мустақил фаолият кўрсатади. Уюшма ишига ҳам биров аралашаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG