Линклар

Хоразмда режани бажариб, қарздор бўлиб қолиш осон


28 февраль куни Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманидаги Мухомон қишлоғилик қарийб 700 киши иш ҳақи берилишини талаб қилиб, Питнак-Ҳазорасп магистраль йўлини беш соат давомида тўсиб қўйди.

Норозилик акцияси иштирокчиларининг сўзларига қараганда, деҳқонлар эртаю кеч ишлаганига қарамай, йиллаб маош олмаётир. Баъзилар эса ўтган йилги пахта топшириш режасини бажарган бўлса-да, тайинли ҳақ олгани йўқ.

54 ёшли Шоҳсанам Солаева ўтган йили 2 гектар ерда оилавий пудрат асосида деҳқончилик қилганди. Унинг айтишича, давлатга 6,3 тонна пахта топширган. Лекин шунча пахта учун унга 3 минг сўм иш ҳақи берилган.

“Бундан ортиқ инсофсизлик бўладими? Менинг бола-чақам нима ечиб, нима кияди? Ҳеч бўлмаса, деҳқоннинг далага олиб борган нонининг пулини берсин бу ноинсофлар”, - деди Ш.Солаева.

Рейма Ҳаитова ҳам ширкат хўжалигида пудратчи бўлиб ишлаган. Пахта топшириш режасини бажарса-да, у қарздор бўлиб чиққан.

Мухомонликларнинг таъкидлашича, ширкат хўжалиги раиси Тоҳир Жуманиёзов устидан жуда кўп ташкилотларга шикоят ёзилган. Прокуратура томонидан хўжаликда бир неча бор текшириш ҳам ўтказилган. Лекин аҳвол ўнглангани йўқ.

Акция иштирокчилари билан учрашиш учун воқеа жойига маҳаллий ҳокимият вакиллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳозир бўлди.

Маълум бўлишича, норозилик қатнашчиларига иш ҳақи эвазига пахта ёғи тарқатилгандан сўнг улар акцияни тўхтатган.
XS
SM
MD
LG