Линклар

logo-print

Ҳарбий хизматга чақирилувчилар металл йиғмоқда


Турғунбек Андижон вилояти Жалолқудуқ тумани мудофаа ишлари бўлими ҳарбий хизматга чақирилувчилар рўйхатига киритилгани ҳақидаги ҳужжатни бериш учун ёшлардан 10 килограммдан металл топширишни талаб қилмоқда.

Туман мудофаа ишлари бўлими ходими капитан Солижон Собиров бу тадбир Мудофаа вазирлиги буйруғи асосида амалга оширилаётганини маълум қилди.

Тумандаги 7-мактабнинг юқори синф ўқувчиси Тоҳиржоннинг сўзларига қараганда, белгиланган миқдордаги металлни топширмаган ёшларга ҳужжат берилмаётир. Юқори синф ўқувчилари ҳарбий хизматга чақирилувчилар рўйхатига киритилгани ҳақидаги ҳужжатни олиш учун чиқиндихоналарни титиб, металл йиғишга мажбур бўлмоқда.

Юқори синф ўқувчиларининг таъкидлашича, ҳозир металл йиғиш қийин. Чунки металлнинг бозори чаққон. Одамлар тирикчилик учун қаерда темир-терсак кўрса тўплаб, металл савдогарларига сотмоқда. Савдогарлар ҳар бир килограмм металл учун 30-50 сўмдан ҳақ тўлайди.

Тумандаги 1-мактабнинг ёшларни ҳарбий чақириққа тайёрлаш бўйича ўқитувчиси Шокир Мўминжоновнинг билдиришича, ҳар йили бир неча марта ҳокимлик томонидан мактабларга металл парчаларини йиғиб, топшириш мажбурияти юкланади. Мактабларга катта мажбурият юкланаётгани боис, ўқитувчи ва ўқувчилар анча қийналиб қолган. Чунки темир-терсак металлфурушлардан ортаётгани йўқ.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Садирохун Сўфиевнинг билдиришича, вилоятда ўқувчиларга металл йиғдириш тадбири кенг кўламда давом этмоқда. Масалан, яқинда Олтинкўл тумани мактабларига 124 тонна металл йиғиб бериш мажбурияти юклатилган.
XS
SM
MD
LG