Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:14

Туркманистон Қуролли кучлари иккинчи автоматдан айрилди


28 февраль куни Хоразм вилояти Шовот тумани Махтумқули номидаги ширкат хўжалигининг 1-бўлимида яшовчи Фарҳод Султонов Туркманистон чегарачисининг автоматини тортиб олиб қўйди.

“Озодлик” мухбири воқеа тафсилотини ўрганиш мақсадида қишлоқда бўлганида бу ерлик одамлар Ф.Султоновни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари олиб кетгани, айни пайтда у тергов жараёнида иштирок этаётганини билдирди.

Уларнинг айтишича, бир неча ой муқаддам Ф.Султоновнинг иккита сигирини туркман аскарлари ҳайдаб кетган. Туркманистондаги ҳарбий қисмлардан бирида сақланаётган сигирларнинг иккиси ҳам ҳозир болалаган. Ф.Султоновнинг сигирларини қайтариб олишга бўлган кўплаб уринишлари бесамар кетган. Шундан сўнг у туркман чегарачисининг автоматини тортиб олиб қўйган.

Шовот тумани ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, Ф.Султонов туркман аскарининг автоматини 28 февраль куни тортиб олган. Ҳозир ундан автомат олиб қўйилган бўлиб, тергов жараёни ўтказилмоқда.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг вилоят бўлими раҳбари Қаландар Самандаровнинг билдиришича, туркман аскарлари молини ҳайдаб кетган фуқаролар сони Хоразмда кўпайиб боряпти. Бу фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳеч ким ҳимоя қилмагандан кейин баъзилари туркман аскарларидан қуролини тортиб олиб қўймоқда.

Эслатиб ўтамиз, худди шу хўжаликнинг 6-бўлимида яшовчи Тўйли Нурматов ҳам бундан бир қанча вақт муқаддам 4 та молини ҳайдаб кетгани учун туркман аскарининг қуролини тортиб олган эди.
XS
SM
MD
LG