Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:06

Элёр Ғаниевнинг Жиззахга кутилмаган сафари сири нимада?


Жиззах вилояти ҳокими Убайдулла Яманқуловнинг матбуот анжуманида АҚШнинг жаҳонда, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан юритаётган сиёсатига қарши айтилган танқидий қарашларини дунёга ёйганликда айбланиб, журналист Улуғбек Ҳайдаров ва оила аъзолари тазйиққа дучор қилиняпти.

Бу ҳақда электрон оммавий ахборот воситалари ҳабар тарқатмоқда.

11 февраль куни вилоят ҳокимлигида бўлган матбуот анжумани ҳақидаги хабарлар эълон қилина бошланган куниёқ У.Яманқулов вилоят ҳокимлиги матбуот маркази раҳбари Неъмат Сайдалиевни чақириб, ушбу мақола муаллифини топишни топширган.

Н.Сайдалиев эса У.Ҳайдаров ва унинг оила аъзоларига аввал телефонда, кейин эса уйига бориб, таҳдид қилган.

Чунки У.Ҳайдаров “Озодлик” радиосига мазкур матбуот анжумани ҳақидаги интервью берган эди.

У.Ҳайдаровнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, интервью эълон қилингандан кейин Н.Сайдалиев унга калтакланиб кетилиши мумкинлиги ҳақида пўписа қилган ва огоҳлантирган.

Н.Сайдалиев эса У.Ҳайдаровга таҳдид қилганини инкор этди. “Менинг У.Ҳайдаровга тазйиқ ўтказишдан бошқа ишим йўқми? Мен ҳам журналистман. Қиладиган бошқа жиддий ишларим бор”, - деди у.

У.Ҳайдаров “Озодлик” мухбирига ҳозир ҳам кузатув остида юрганини маълум қилди.

Жиззахлик кузатувчиларнинг билдиришича, У.Яманқуловнинг АҚШ шаънига айтган гаплари дунёга ёйилгач, вилоят ҳокимлигида жуда таранг вазият юзага келган. Хабар тарқалганининг эртасигаёқ вилоят ҳокимлигида йиғилиш ўтказилган. Йиғилишдан сўнг Жиззах шаҳри ҳокими Иномжон Ҳакимжонов юрак хасталиги билан шифохонага тушган.

Қизиғи шундаки, 28 февраль куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев кутилмаганда Жиззахга келди. Бу ҳақда мамлакатдаги марказий оммавий ахборот воситаларида бирорта расмий хабар тарқатилгани йўқ.

Маълум бўлишича, фақатгина Жиззахдаги маҳаллий расмий телевидение вилоят ҳокимлигида йиғилиш бўлгани ҳақида лавҳа берган ва лавҳа сўнггида бу йиғилишда Э.Ғаниев иштирок этгани ҳақида бир оғиз айтилган.

Маҳаллий телевидение ходимларининг бири Э.Ғаниев йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг Жиззах вилояти учун масъул вакили (куратор) сифатида иштирок этгани ҳақида эшитганини билдирди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Илҳом Зокиров эса ўз раҳбарига бундай ваколат юкланганидан бехабарлигини маълум қилди.

“Эҳтимол Вазирлар Маҳкамаси томонидан эндиликда шундай вазифа белгилангандир. Бироқ менинг бундан хабарим йўқ”, - деди И.Зокиров.

Мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров эса тазйиқлар остида бўлса-да, ўз фаолиятини давом этмоқда. Элёр Ғаниевнинг ташрифи ҳақида ҳам у биринчилардан бўлиб хабар тарқатди.
XS
SM
MD
LG