Линклар

logo-print

Фермернинг улуши олибсотарларга пулланмоқда


Фирдавс Қашқадарёлик фермерлар пахта заводларига топширган ҳосилининг чигитидан чиқадиган маҳсулотларни, жумладан, ёғ, шелуха, кунжара олишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Ҳозир Қашқадарёда фермерлар сони 17 мингтага яқинлашган. Вилоятда етиштириладиган ғалла ва пахтанинг 70 фоизга яқини уларнинг зиммасига тўғри келади.

Маълумотларга кўра, фермерлар тайёрлов ташкилотлари билан тузадиган шартномада топширган пахтасининг чигитидан олинадиган маҳсулотларнинг бир қисми уларнинг ўзларига қайтарилиши кўрсатилади. Лекин фермерлар ўзларининг улушини олишда доимо қийинчиликларга дуч келади.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган касбилик фермерлар ўзларига тегишли бўлган тонналаб маҳсулотни ололмаётганини билдирди.

“2004 йилда топширилган ҳосилдан улушимизни ҳали ҳам олганимиз йўқ. Қарийб бир ойдан буён маҳсулот олиш учун Қарши ёғ экстракция заводига қатнаймиз. Биздан ташқари ҳам завод ҳовлисига ҳар куни юзлаб фермерлар йиғилади. Уларнинг 90-95 фоизи маҳсулот ололмайди”, - деди фермерлар.

Фермерларнинг айтишича, завод маъмурияти маҳсулот беришни доимо пайсалга солиб келяпти. Бироқ олибсотарлар завод маъмурияти билан келишган ҳолда бемалол маҳсулот олмоқда. Бунинг натижасида мазкур завод маҳсулотлари сотувга жуда қиммат нархларда чиқади. Масалан, бир килограмм шрот заводдан 65 сўмга, шелуха эса 35 сўмдан чиқади. Олибсотарлар уларни 130-170 сўмдан пуллайди.

“Буни назорат қиладиган ҳеч ким йўқ. Назоратчиларнинг ўзлари уларга шерик бўлгандан кейин, фермерга қайишармиди”, - деди фермерлар.
XS
SM
MD
LG