Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:17

Акромийларнинг корхоналари ёпилмоқда


Турғунбек Андижонда акромийлар диний оқимига алоқадорликда айбланаётган фуқароларга қарашли корхоналар ёпиляпти, баъзи фуқаролардан эса бармоқ излари ва тушунтириш хатлари олиняпти.

Шаҳарнинг Боғишамол даҳасида яшовчи Нурилло Мақсудовнинг сўзларига қараганда, ҳозир Андижонда қирқ фуқаро акромийлар оқимига аъзоликда айбланаётган бўлиб, уларнинг 23 нафари устидан суд жараёни давом этмоқда, 17 нафари эса тергов изоляторларида сақланмоқда. Улар ишлаётган 22 та корхона эса иш фаолиятини тўхтатган.

“Бу корхоналарда халқимизнинг кундалик эҳтиёжи учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқариларди. Шундайлардан бири “Туронмебель” корхонасидир. Бунинг оқибатида юзлаб кишилар ишсиз қолди. Бу корхоналарнинг айримлари Тошкентда ўтказилган кўргазмаларда қатнашиб келарди. Турли тадбирларга ҳомийлик қиларди. Бугун эса бу корхоналарнинг раҳбарлари экстремистликда айбланиб, қамоқда ўтирибди”, - деди Н.Мақсудов.

Боғишамолда яшовчи қариялардан бирининг айтишича, акромийлик оқимига алоқадорликда айбланиб, судланаётган ёки тергов изоляторларида сақланаётганларнинг оилалари ночор аҳволга тушиб қолган. Масалан, Нуриддиновлар оиласидан икки киши қамалган. Бу оиладаги 4 аёл ва 12 фарзандга қарайдиган ҳеч ким қолмади. Оиланинг 70 ёшдан ўтган бошлиғи ҳибсдаги фарзандлари билан кўришишга рухсат ололмагач, қон босими ошиб кетиб, вафот этган. Марҳумни маҳалла аҳли дафн этган.

Боғишамоллик Одилбек Султоновнинг таъкидлашича, акромийликка айбланаётган, лекин ҳибсга олинмаган бошқа фуқаролар ҳам тазйиққа учраган. Унинг ўзига ҳам ҳар ойда уч марта милиция инспектори хонасига бориб туриш мажбурияти юкланган. Бундан ташқари, илгари судланмаганига қарамай, бармоқ излари олиниб, тушунтириш хати ёздирилган.

Боғишамол даҳасидаги милиция таянч пункти ходими Одилжон Қирғизов акромийликда гумон қилинаётган фуқароларнинг бармоқ излари олиниб, тушунтириш хатлари ёздирилаётганига изоҳ бера олмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG