Линклар

Амалдорнинг боласи иттифоқдан нега қўрқади?


Турғунбек Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми, жумладан, андижонликлар Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Марказий Осиё давлатлари иттифоқини тузиш тўғрисидаги таклифидан бехабарлигича қолмоқда.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлганларнинг аксарияти бу таклифни энди эшитиб тургани, шунга қарамай, Марказий Осиё давлатлари иттифоқи тузилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Демократик ташаббуслар маркази вакили Дилшод Тиллахўжаевнинг фикрича, аҳоли бу таклифдан бехабар қолганига мамлакат ҳукумати айбдордир. Чунки ҳукумат бундай иттифоқ тузилишидан манфаатдор бўлмагани сабабли оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда мум тишлаб турибди.

“Ислом Каримов Қозоғистон раҳбари билан телефон орқали мулоқотда бу таклифни қўллаб-қувватлашини билдиряпти. Аслида эса бундай бўлишини хоҳламайди. Агар хоҳлаганда эди, ОАВ орқали халққа мурожаат қилиб, фикрини сўраган бўларди”, - деди Д.Тиллахўжаев.

Адвокат Равшан Ҳажимовнинг сўзларига қараганда, минтақадаги парокандаликнинг асосий айбдори Ислом Каримовдир. У қўшни давлатлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш ўрнига бу алоқалар ривожига қаршилик қилмоқда. Бундан эса Ўзбекистон халқи жабр кўряпти.

Пенсионер Холбой Раззоқов амалдорлар ёки уларнинг яқинлари бундай иттифоққа қарши бўлиши мумкинлигини айтди.

Амалдорларнинг фарзандлари бўлган икки талаба билан суҳбат давомида “Озодлик” мухбири пенсионернинг гапларида жон борлигига шахсан амин бўлди.

“Мен Ўзбекистон бу иттифоққа қўшилмаслиги тарафдориман. Қирғизистоннинг давлат қарзлари кўп. Ўзбекистон эса бойроқ давлат ҳисобланади. Агар иттифоқ тузилса, мамлакатимиз ҳам унинг қарзини тўлашда иштирок этишига тўғри келади”, - деди биринчи суҳбатдош.

Иккинчи талаба эса яқинда телевизордан айрим қозоғистонликлар Ўзбекистонга келиб, давлатга қарши ташвиқот юргизганини эшитгани, иттифоқ тузилиб, чегара очилса, бундай ҳолатлар кўпайишидан хавфсирашини таъкидлади.

Аммо суҳбатдошларнинг мутлақ кўпчилиги Марказий Осиё давлатлари иттифоқи тузилиши тарафдори эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG