Линклар

Япония минтақага берадиган ёрдами бесамар кетишидан хавотирда

  • Садриддин Ашур

4 март куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари ва Япониянинг юқори лавозимли вакиллари иштирокида “Марказий Осиё + Япония” форматида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг ўринбосарлари, Япония ташқи сиёсат маҳкамасининг Европа бюроси бош директори ўринбосари Кендзи Шинода қатнашди. Шунингдек, унда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси кузатувчи сифатида иштирок этди.

Йиғилишда минтақавий ҳамкорлик доирасида терроризм ва наркотиклар тарқалишига қарши курашиш, қашшоқликни бартараф этиш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, ташқи савдо, транспорт коммуникациясини ривожлантириш, сув ва энергетика ресурсларидан фойдаланишни такомиллаштириш борасида мулоқотлар бўлди.

Япония томони ўзининг Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти доирасидаги иштирокини такомиллаштириш учун сиёсий мулоқот, минтақавий ҳамкорлик, бизнесни ривожлантириш, интеллектуал мулоқот ҳамда кадрлаш алмашиш йўналишларида иш олиб боришни таклиф эди.

Йиғилиш иштирокчилари бу таклифни қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги МДҲ бошқармаси бошлиғи Фарҳод Ҳакимовнинг сўзларига қараганда, Президент Ислом Каримовнинг минтақада умумий бозор ташкил этиш ташаббуси бугунги кунда амалга оша бошлади. Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар томонидан тузилган ҳукуматлараро ишчи комиссия айни пайтда умумий бозор концепциясини ишлаб чиқмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида бу борада ҳужжатлар имзоланиши кутиляпти.

Япония вакили Кендзи Шинода Ўзбекистон раҳбарининг умумий бозор яратиш ва Қозоғистон раҳбарининг Марказий Осиё давлатлари иттифоқини тузиш ғоялари уйғун эканини таъкидлаб, Кунчиқар мамлакат бу борада аниқ таклифлар киритилишини исташини билдирди.

“Япония Марказий Осиё давлатларидаги лойиҳаларни амалга оширишга ҳар доим ёрдам бериб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади”, - деди К.Шинода

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Асқар Шокиров Марказий Осиёда интеграциялашув жуда муҳим экани, агар мамлакатлар ўртасидаги тўсиқлар олиб ташланмаса, борди-келди эркинлаштирилмаса, бу жараён оғир кечишини билдирди.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Маматқулов Япония истаётган йўналишлар бўйича ишлаш учун бир неча таклифлар киритди ва мулоқотлар жараёнида билдириладиган таклифларни амалга ошириш учун ишчи гуруҳ тузилиши лозимлигини қайд этди.

Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Салоҳиддин Насриддинов ўз мамлакатида қашшоқликка қарши курашиш учун махсус давлат дастури ишлаб чиқилганини, бу дастур Япония томонига тақдим этилганини айтди.

Япония Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон чегараларида кўмилган миналарни тозалашда ёрдам беражагини маълум қилди.

К.Шинода Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳақиқий иттифоқ бўлмаса, Япониянинг минтақага кўрсатадиган барча ёрдами бесамар кетишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG